Фуқаролар мурожаатларига эътибор – ислоҳотлар самараси
2025-07-30 20:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада самарали ташкил этиш мақсадида муттасил равишда шахсий ва сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Бу амалиёт аҳоли муаммоларини тўғридан-тўғри эшитиш, уларга амалда ёрдам кўрсатиш, жойлардаги вазиятни чуқур ўрганиш ва тизимдаги иш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 30 июль санасида, Ички ишлар вазири ўринбосари генерал майор Даврон Назармухамедов томонидан шахсий қабул ташкил этилди. Унда ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, хизматни ўташ, лавозимга қайта тикланиш, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Қабул Тошкент шаҳридаги ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти биносида, ўтказилди. Унда мурожаат этувчиларнинг ҳар бир муаммоси диққат билан эшитилиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ҳамда айрим масалалар юзасидан жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Мазкур қабул фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари фаолиятига ишончни янада мустаҳкамлаш, тизимда инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйишдаги саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.






