Вазир ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов Навоий вилояти Кармана тумани маҳаллаларида ўрганиш ишларини олиб борди
2024-03-15 10:35:00 / Янгиликлар
Вазир ўринбосари Навоий шаҳрига ёндош ҳудуд Кармана тумани маҳаллаларига ташриф буюрди. Дастлаб, “Мир Сайид Баҳром” маҳалласида бўлиб, ҳудуднинг таркибий қисми билан танишди. Сўнгра маҳалладаги еттилик томонидан бажарилган ишлар, ечимталаб муаммолари ўрганилди.
Туман марказидаги мазкур маҳаллада автошоҳбекат, туман тиббиёт бирлашмаси, олий таълим муассасаси жойлашганлиги муносабати билан аҳоли гавжум ҳудудларда профилактик ишларни кучайтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам ташкил этиш лозимлиги айтилди.
Кейинги манзил туманнинг “Маданият маркази” бўлди. Вазир ўринбосарини қарши олган марказ тарбияланувчилари мусиқий асбоблар жўрлигидаги асарларни ижро этиб беришди. Д. Назармухамедов маданият ва санъат кишига энг тоза инсоний хислатларни бағишлаши, одамларимизнинг маданий ҳордиқ олишлари учун олтин мерос бўлиб қолгувчи асл асарлар яратиш лозимлигини урғулади.
Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтларини унумли ташкил этиш мақсадида маҳалла биносида яратилган шарт-шароитлар, ўйингоҳ ва турли тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати