Аёл ва жамият. Юлдузнинг юлдузли онлари
2024-03-15 08:10:00 / Янгиликлар
Эркин аканинг узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилгани Юлдузнинг ҳам келажакда ота касбини танлашига сабаб бўлди. У Бухоро муҳандислик-технология институтининг информатика ва ахборот технологиялари факультетини тугатгач, Ромитан туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида бир муддат ўқувчиларга сабоқ берди. Сўнг вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилди.
2019 йил барча синовлардан муваффақиятли ўтган Й. Бобоева Қоровулбозор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи инспектори лавозимига тайинланди. У устозлари кўмагида касб маҳоратини ошириб, қатъиятли ва талабчан ходима бўлиб етишди. Уч йилдан сўнг Ромитан тумани ИИБ Ҳуқуқий статистика гуруҳи катта инспектори вазифасига ўтказилди. Бу соҳада ҳам қийналмади. Чунки олийгоҳда айнан компьютер бўйича таҳсил олгани асқатяпти. У асосан Ромитан, Пешку ва Бухоро туманлари ички ишлар бўлимларининг статистик маълумотларини жамлайди ва таҳлил қилади.
- Киши ўз касбини эъзозласа, ҳар бир топшириқни вақтида бажаришга одатланса, ҳаммасига улгуради, — дейди лейтенант Й. Бобоева. — Турмуш ўртоғим Умиджон Умаров тадбиркор бўлсада, хизматимни қадрлайди. Шундан бўлса керак, ишимда унум, хизматимда қўним бор.
Юлдузхон спорт соҳасида ҳам анча ютуқларга эришган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат олиб бораётган аёл ходималар ўртасида ўтказиладиган шахмат-шашка мусобақаларида беш йилдан буён фахрли биринчи ўринни эгаллаб келаётган Й. Бобоева ўтган йили “Беш ташаббус олимпиадаси”да 27-30 ёшлилар тоифасида иштирок этиб, шашка бўйича мусобақа ғолибаси бўлди.
Қисқаси, хизматда талабчан ходима, болалари учун меҳрибон она, турмуш ўртоғи учун суюкли ёр бўлган лавҳамиз қаҳрамони юрт осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганидан ҳамиша мамнун.
Мирзоқул АҲАДОВ, ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.