Касб фидойиси. Ундан аҳоли мамнун
2025-07-30 23:00:00 / Янгиликлар

«Хўжакент» маҳалласидаги Самадовлар (воқеа иштирокчиларининг исм-шарифи ўзгартирилди) хонадонида ўзларига таниш бўлган Бахтиёр исмли уста ишлаётган эди.
Уй эгалари унга ишонгани боис хотиржамликка берилишади. Кунлардан бир кун эса ўша хотиржамлик қимматга тушиб, катта миқдордаги пуллари йўқолгани учун «102»га қўнғироқ қилишга мажбур бўлишади.
Чақирув орқали ҳудуд профилактика катта инспектори хонадонга етиб келиб, тезлик билан вазиятнинг тагига етди. Бахтиёр ўғриликка қўл урганди. Унинг қилмиши фош қилиниб, қонун ҳукмига ҳавола этилди.
Қуйичирчиқ тумани ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори, катта лейтенант Жаҳонгирхўжа Эргашев 5 йилдан буён ички ишлар органларида. У «Хўжакент» маҳалласига бевосита ва яна 3 та маҳаллага катта инспектор сифатида бириктирилган.
Дастлабки хизмат фаолиятини тумандаги «Машраб» маҳалласида олиб борган лавҳамиз қаҳрамони, мана, уч йилдирки, Хўжакентликлар осойишталигини таъминлаб келмоқда. Унинг фаолиятидан аҳоли мамнун.
Маҳалла ҳозир «сариқ» тоифада бўлиб, 2800 нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қилади. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан машғул. 112 киши хорижда, 4 нафар шахс пробация назорати остида.
Отам Зоидхон Тайлоқов истеъфодаги майор. Икки акам ҳам ўқимишли, зиёли инсонлар. Уларнинг қўллови, мени тушунишлари жуда қўл келади. Оиланг қўллаб-қувватласа, чарчоғинг ҳам билинмас экан, — дейди катта лейтенант Ж.Эргашев.
Профилактика катта инспекторига бириктирилган маҳаллаларда 10 минг нафардан ортиқ фуқаролар қайд этилган.
Тоифасига кўра, маҳаллаларнинг 3 таси «сариқ», биттаси «яшил». Фидойи ходим тез орада барча маҳаллалар «яшил» тоифада бўлишини кўзлаб астойдил ҳаракат қилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, Тошкент вилояти.
