Хизматларда. Йўл иштирокчиси, ҳушёр бўлинг!
2025-07-29 01:00:00 / Янгиликлар

Хоразм вилояти ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор профилактик-тарғибот тадбирларига қаратилиб, маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, болалар оромгоҳларида турли учрашувлар ўтказилмоқда. Шунингдек ашаддий қоидабузар ҳайдовчиларни аниқлаш, уларнинг рўйхатини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Йўл инфратузилмасини яхшилаш автоҳалокатларнинг олдини олишда муҳим саналади. Шу боис вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларини кўрикдан ўтказиш, эскирган йўл белгиларини янгисига алмаштириш, йўл ётиқ чизиқларини чизиш, замонавий светофорларни ўрнатиш, қабариқ пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш ва йўл қопламаларидаги носозликларни бартараф этиш ишлари қизғин давом этмоқда.
- Жорий йилнинг ўтган даврида соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида 160 583 та қоидабузарлик аниқланди, — дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи катта мутахассиси, капитан Шавкат Бобожонов. — Аниқланган барча ҳолатлар бўйича ЙПХ инспекторлари томонидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 40557 та транспорт воситаси белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Айни кунларда маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, муассасаларда профилактик тадбирлар ўтказилиб, тарғибот материаллари тарқатилмоқда. Қолаверса, йўл-транспорт ҳодисалари маҳалланинг ўзида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниб, ҳодиса сабаблари, унга имкон берган омиллар атрофлича таҳлил этиляпти. Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ташкил этилган «Тарғибот автокарвони» шаҳар ва туманларнинг аҳоли гавжум ҳудудлари бўйлаб ҳаракатланиб, кўргазмали материаллар, автоҳалокатга учраган машиналар намойиши орқали тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
