Ҳафта қаҳрамони. Ёшлик қанотида масъулият сари
2025-07-27 23:30:00 / Янгиликлар

Катта лейтенант Нодирбек Ҳайитов 2021 йилда ИИВ Академиясини тамомлаб, фаолиятини Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ 6-сонли Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида бошлаган. Хизмат фаолияти давомида устозлар ва ҳамкасблар ёрдамида тажриба тўплаб, касбий маҳоратини оширишга ҳаракат қилган.
Нодирбек Ҳайитов яқинда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ИИБ 2-сонли Ички ишлар бўлинмаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Отаси Қодир аканинг, онаси Садоқат опанинг «Ўғлим, касбингни сев, қасамёдингга содиқ бўл», — деган ўгитларига ҳамиша амал қилиб келяпти. Бугун унинг меҳнати, касбига садоқати ўз мевасини берди.
Унинг учун хизмат — шараф, раҳбарлик — масъулият демакдир. «Ҳар бир фуқаро хотиржам яшаши. тинч ухлаши учун биз куну тун бедор бўлишга тайёр туришимиз керак», — дейди Нодирбек. Қалби ғайрат-шижоатга тўла, кўзлари ёниб турадиган, қадамидан ўт чақнайдиган, юрт хизматига камарбаста бўлишга шай Нодирбек Ҳайитов сингари ёш раҳбарлар ички ишлар органлари соҳасининг келажагини белгилайдиган юрт фарзандларидир.
Ундан жамоанинг, қолаверса, нурободликларнинг умиди катта. Чунки Нодирбекда ташкилотчилик, ҳалоллик, фидойилик хислатлари мужассам. Унинг қалбида Ватанга муҳаббат жўш уриб турибди, — дейди вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, ММИ ва КБТХ бошлиғи, подполковник Умид Ўтаев.
Ёш раҳбарнинг унга ишониб топширилган жамоа билан биргаликда, аҳоли осойишталигини таъминлашдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, бу умидларни оқлашига ишонамиз. Ўйлаймизки, нурободликлар ундан мамнун бўлишади.
©️ “Postda” газетаси, Умида Мамадалиева, Самарқанд вилояти.
