«Хавфсиз ва соғлом юрт». «Гулистон»га осойишталик ярашади
2025-07-26 23:00:00 / Янгиликлар

Юртбошимиз ташаббуси билан 2021 йилда Бағдод туманининг дашт ҳудудларида 66 та кўп қаватли уйдан иборат кичик шаҳарча қад ростлаган эди. Ушбу шаҳарчада «Гулистон» маҳалла фуқаролари йиғини ташкил этилиб, аҳолининг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган барча инфратузилмалар барпо қилинди.
Жумладан, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, кутубхона, маданият саройи ва 10 дан зиёд савдо дўконлари ишга туширилди. Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида иссиқхоналар учун ер ажратилиб, «Мурувват» саноат зонаси ташкил этилди. Қисқа фурсатдаёқ бир қатор оилавий корхоналар фаолият бошлади. Натижада бу ердаги шарт-шароитларга ҳавас қилиб, маҳаллага 1468 та оила кўчиб келди. Ҳозирда шаҳарчадаги 1682 та хонадонда 3310 нафардан зиёд фуқаро истиқомат қилмоқда.
Ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида ўша йилиёқ замонавий ҳуқуқ-тартибот маскани ташкил қилинган эди. Маҳаллага кириб келадиган 5 та асосий кўча ва энг гавжум жойларга 62 та кузатув камераси ўрнатилиб, улардан 25 таси инспекторнинг хизмат хонасига интеграция қилинди.
Профилактика инспектори «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳалладаги еттилик аъзолари билан ҳамкорликда тизимли ишларни йўлга қўйгани туфайли ўтган 4 йилда маҳалла ҳар томонлама осойишта ва хавфсиз ҳудудга айланди. Натижада «Гулистон» маҳалласи ҳуқуқ-тартибот маскани 2024 йилда ИИВ томонидан шу йўналишда ўтказилган республика танловида фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, профилактика инспектори хизмат автомашинаси билан тақдирланди.
Ўтган бир ҳафта давомида ишчи гуруҳлар томонидан пробация назоратидаги ва алоҳида тоифадаги шахслар иштирокида якка тартибда суҳбатлар ва сайёр судлар ташкил қилинди. Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Маҳалланинг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ва тозалов ишлари йўлга қўйилди. Йиғилиб қолган чиқиндилар махсус автомашиналарда олиб кетилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ва маҳалла фаоллари билан бирга уйма-уй юриб, оилалардаги муаммоларни манзилли равишда ўрганишди. Фуқаролар билан суҳбатларда оилавий қадриятларни асраш, оила-турмуш доирасидаги низоларнинг олдини олиш, аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш борасида маслаҳатлар берилди. Ҳозирда кенг қамровли профилактик тадбирлар уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Фарғона вилояти
