Инспектор-психологлар билан давра суҳбати ўтказилди
2025-07-26 12:05:00 / Янгиликлар

2025 йил 25 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ИИВ Академиясида жорий йилнинг 7-25 июль кунлари 2-ўқув йиғинига жалб этилган жами 581 нафар вояга етмаганлар масалалари бўйича (катта) инспектор-психологлари билан давра суҳбати ўтказилди.
1-ўқув йиғини жорий йилнинг 9-28 июнь кунлари, ИИВ Малака ошириш институти базасида ўтказилиб, унда 584 нафар вояга етмаганлар масалалари бўйича (катта) инспектор-психологлари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида, инспектор-психологлар томонидан таълим-тарбия соҳасига оид муаммолар ва уларнинг ечимлари, вояга етмаганлар билан ишлашни такомиллаштириш билан боғлиқ таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди.
Мазкур ўқув йиғинлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 мартдаги ПҚ–110-сон қарори «Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Ўқув йиғинларида, ИИВ Академияси ва Малака ошириш институти профессор-педагоглари томонидан «Юридик психология» ва «Касбий психология» модуллари бўйича назарий ҳамда ИИВ ҲПХ, Тиббиёт бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ташхис маркази масъуллари томонидан «Касбий тайёргарлик, «Фуқаролар билан мулоқот» модули ва «Оила-маҳалла-мактаб» тамойили асосида манзилли ишлаш методикаси» бўйича амалий ўқув машғулотлари ўтказилди.
Инспектор-психологлар олган билимларини якуний баҳолаш ва сертификатлар топшириш жараёни 4-модуль охирида амалга оширилиб, мазкур модуль бўйича ўқув йиғини жорий йилнинг 18-24 август кунлари жойлардаги университет ва институтлар базасида ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳозирда, ИИВ Академияси, Малака ошириш институти, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ташхис маркази педагог-психологлари билан ҳамкорликда модуллар бўйича ўтилган мавзулар асосида инспектор-психологлар учун услубий қўлланмалар тайёрланмоқда.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати




