Жазони ижро этиш муассасаларида маърифат ва интеллектуал муҳитни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
2025-07-26 11:55:00 / Янгиликлар

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ўртасида ахборот-маънавий соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида меморандум имзоланди.
Ушбу меморандум доирасида Миллий кутубхона томонидан жазони ижро этиш муассасаларига китоблар, газета-журналлар ва бошқа ахборот-ресурсларини мунтазам етказиб бериш белгиланди. Бу ташаббус узоқ йиллар мобайнида давом эттирилиши таъкидланди. Шу билан бирга, муассасалар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, янги режаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, “Заковат Арена”да “Заковат интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда Жазони ижро этиш департаменти ўртасида ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бу меморандум доирасида томонлар интеллектуал ўйинлар орқали жазо муддатини ўтаётган шахслар ва департамент ходимлари ўртасида билимга чанқоқликни ошириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш мақсадида қатор тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Келгусида жазони ижро этиш муассасаларида “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинларни ташкил этиш режалаштирилган. “Заковат” клуби мазкур ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун Жазони ижро этиш департаментига миннатдорлик изҳор этди.
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Ахборот хизмати



