Фахрийлар – фахримиз. Жонкуяр ва фидойи
2025-07-24 23:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон тумани «Конизар» МФЙ Дашт қишлоғида истиқомат қилувчи ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Ибрагимжон Турғунов гарчи 70 ёшни қаршилаётган бўлсада, ғайрат-шижоатда ёшлардан қолишмайди.
Айни пайтда туман ИИБ бошлиғи маслаҳатчиси ва фахрийлар кенгаши раиси бўлиб хизмат қилаётган устоз шундай эслайди:
1976 йил Ўзбекистон тумани Ички ишлар бўлимига ҳайдовчи бўлиб ишга кирганимда ёш йигитча эдим. Ўшанда бўлим бошлиғи бўлган подполковник Шодмон Усмонов, полковник Бегали Раҳмоналиевлардан касб сирларини ўрганиб, тажриба орттирдим. Фидойи устозларимнинг ўгитлари ҳалигача мени тўғри йўлга чорлаб туради.
Ўз олдига катта мақсадларни қўйгани сабабли хизмат билан узвий равишда сиртдан таълим олиб, 1981 йилда кичик лейтенант унвони билан вояга етмаганлар инспектори бўлиб ишлай бошлади.
Шундан сўнг 32 йил давомида профилактика инспектори, катта инспектори, ҲООБ бошлиғи, паспорт бўлинмасида бошлиқ, туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари каби вазифаларда самарали хизмат қилиб, подполковник унвони билан 2006 йилда пенсияга чиқди ҳамда 2013 йилгача Ўзбекистон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлади.
2018 йилдан бошлаб тумандаги бир неча мактабда чақириққача бошланғич ҳарбий таълим ўқитувчиси бўлиб ишлади. Ҳозирда Қўқон шаҳридаги 3-мактабда чақириққача бошланғич ҳарбий таълимдан ёшларга сабоқ бермоқда.
Унинг бошчилигида мактаб ўқувчиларидан иборат жамоа «Яшил чироқ» мусобақасининг шаҳар ҳамда вилоят босқичларида юқори ўринларни банд этаётгани эътирофга сазовордир.
Лавҳамиз қаҳрамонининг туман ИИБ бошлиғи маслаҳатчиси ва фахрийлар кенгаши раиси сифатидаги фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ.
Фахрийлар иштирокида турли маънавий-маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувларини ташкил этади.
Уларни тарихий қадамжоларга саёҳатга олиб боради, бемор бўлганларини йўқлайди. Ёш инспекторларга мураббий этиб бириктирилган фахрийлар ишини мувофиқлаштириб, ёшларга маслаҳат ва тавсиялар беришдан эринмайди.
Унинг жонсараклиги ва фидойилиги эътиборга олиниб, 2024 йилда «Ички ишлар органлари фахрий ходими» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Турмуш ўртоғи билан ҳамжиҳатликда 5 қиз ва 1 ўғилни муносиб тарбиялаган устоз айни кунда 29 нафар невара ҳамда 4 нафар чевара даврасида кексалик гаштини сурмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
