Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтида жиноятчиликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди
2025-07-23 17:20:00 / Янгиликлар

Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш бугунги кунда ўзига хос илмий ёндашувларни талаб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Криминология тадқиқот институти айни вақтда бу йўналишда илмий ходимларни жамлаган саноқли даргоҳлардан бири ҳисобланади. Илмий тадқиқот институтида “Жиноятчиликни илмий тадқиқ этишнинг долзарб масалалари” мавзусида кенг қамровли пресс-тур ва матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари ҳамда экспертлар иштирок этдилар.
Фаолият бошлаганидан буён қисқа вақт ичида институт томонидан Туркия, Жанубий Корея, Россия Венгрия, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа қатор хорижий давлатларидаги криминология институтлари ҳамда жиноятчиликни тадқиқ этиш марказлари билан 15 га яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Мазкур давлатларда жиноятчиликка қарши курашишнинг илғор амалиёти, жумладан кибержиноятчилик, вояга етмаганлар жиноятчилиги ва реабилитация дастурлари бўйича тажрибалар намойиш этилди.
Институтда олиб борилаётган жиноятчилик бўйича статистик таҳлиллар, сўровномалар, илмий прогнозлар ва криминоген ҳудудларни аниқлаш бўйича тадқиқотлар натижалари намойиш этилди.
Институт томонидан илмий журналлар, мақолалар, услубий қўлланмалар, бошқа босма материаллар шу ернинг ўзида нашр этилаётгани ходимлар учун қўшимча қулайликларни яратмоқда. “Криминологик фаолият” миллий журнали, “Криминология” халқаро журнали янги сонлари, вояга етмаганлар билан ишлашга оид методик тавсиялар журналистларга тарқатилди.
Институтда фаолият олиб бораётган илмий-ишлаб чиқариш лабораториясида мутaxассислар томонидан жиноятларни таҳлил этишда қўлланилаётган технологик воситалар, жумладан электрон назорат тизимлари, смарт-браслетлар, интерактив мониторинг панели ва келгусида сунъий интеллект (AI) асосида жиноят прогнози бўйича олиб борилаётган ишланмалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмидаги ташкил этилган матбуот анжуманида Институт раҳбари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, полковник Бахтиёр Бердиалиев Республика ҳудудидаги криминоген вазият, жиноятчилик тенденцияси, сабаб-оқибатлари ва омилларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Жамоатчилик вакиллари томонидан фирибгарлик ва ўғирлик ҳолатлари, маҳалла жиноятчилиги, вояга етмаганлар ва ёшлар жиноятчилигини илмий тадқиқ этишга оид берилган саволларга институтнинг етук мутахассислари, олимлар ва экспертлар томонидан тўлиқ жавоблар қайтарилди.
Айтиш жоизки, мазкур пресс-тур ва матбуот анжумани жиноятчиликнинг замонавий турлари ва уларнинг хавфини жамоатчиликка етказиш, илмий таҳлил ва фактларга асосланган ёндашув асосида кенг муҳокама қилиш, фуқаролик жамияти иштирокини кучайтириш ҳамда Институт фаолиятини ёритиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.









