Ички туризм. Сайёҳлар хавфсизлиги — ишончли қўлларда
2025-07-23 23:00:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш тизимини тубдан яхшилаш, қулай ҳамда хавфсиз хизматлар кўрсатишни янада кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Шаҳрисабз туманининг «Мираки», «Улоч», «Полмон» ва Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида «Шаҳрисабз» туристик маркази ташкил қилинди.
Туристик марказ бир вақтнинг ўзида 30 минг сайёҳни қабул қила олади. Бу ерда 2 та меҳмонхона, 1 та хостел, 285 та оилавий дам олиш маскани, шунингдек, умумий овқатланиш жойлари, автотураргоҳлар, савдо дўконлари, 2050 метр узунликдаги дор йўли, соғломлаштириш маркази, тематик боғ, саломатлик йўлаги, осма кўприк, «Ҳисорак» сув омборини томоша қилиш майдони, арғимчоқ, зиплайн каби кўнгилочар объектлар жойлашган.
Ҳозирда туристик марказга ҳар куни ўртача 15 минг нафар сайёҳ ташриф буюрмоқда. Келгусида мазкур кўрсаткич кунига 25 мингтани, йилига ўртача 1 миллион 100 минг нафарни ташкил этиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, сайёҳлар хавфсизлигини самарали ва ишончли таъминлашни тақозо қилади.
Қашқадарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси шахсий таркиби томонидан маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ҳамда хорижий давлат делегациялари вакилларини кутиб олиш, хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш ишлари ташкил этилиб, ташриф давомида кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмай келинмоқда. Туристик марказ дирекцияси маблағи ҳисобидан бошқарма ихтиёрига 4 нафар ходим ажратилиб, 3 та патруллик йўналишида хизмат олиб борилиши йўлга қўйилди. Ходимлар учун марказ ҳудудидан хизмат хонаси ажратилди, шунингдек, 3 та кўчма мобил пост ўрнатилиб, зарур буюмлар билан жиҳозланди.
Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туристик марказ ҳудудига жами 218 та интеллектуал видеокузатув камераси ўрнатилиб, барчаси хизмат хонасидаги кузатув маркази ва «Қалқон» дастурига интеграция қилинди. Айни пайтда туристлар иштирокидаги оммавий тадбирларни ўтказиш жараёнида хавфсизликни таъминлаш, ҳудуддаги вазиятни доимий назорат қилиш учун учувчисиз учиш аппарати (дрон)дан фойдаланиб келинмоқда.
Вилоят Қўриқлаш бошқармаси томонидан марказ ҳудудидаги жами 105 та, шу жумладан, 62 та объект қўриқловга олиниб, 41 та объектга «ташвиш тугмалари» ўрнатилди ва объектларни қўриқлашга 12 нафар ходим ажратилди.
Жавлонбек Аллаев, капитан.
Содиқ Раҳимов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Қашқадарё вилояти
