Қўшсаҳифада — Яшил тоифадаги «Аҳиллик»
2025-07-22 23:45:00 / Янгиликлар

«Аҳиллик» — Сирдарё туманидаги Қозоғистон билан чегарада жойлашган маҳалла. Уч мингга яқин аҳоли яшайдиган ҳудуд. Икки йилдирки, маҳалла «яшил» тоифада. Бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. «Маҳалла еттилиги»нинг ўзаро ҳамжиҳатликдаги ҳаракати, узоқни ўйлаб тузилган чора-тадбирларнинг амалга татбиғи муваффақиятга замин яратди.
Чегара ҳудуд бўлгани боис, жамоат тартибини сақлаш, чегарани ноқонуний кесиб ўтишларнинг олдини олиш вазифаси доим кун тартибида. Бу борада аҳоли ўртасида профилактик-тарғибот ишлари мунтазам олиб бориляпти.
- Чегарадан икки ҳатлаб ўтилса, қозоқ биродарларимиз диёри, — дейди маҳалла профилактика инспектори, подполковник Жаҳонгир Ўринбоев. — Уларда ҳам, бизда ҳам кимнингдир жияни, кимнингдир тоғаси, қуда-андаси яшайди.
Эътиборлиси, қўшни давлат билан ўзаро мустаҳкам қариндош-уруғлик алоқаларига қарамай, кейинги пайтда чегарани ноқонуний кесиб ўтишга йўл қўйилмаган. Маҳалла аҳлига суверен давлатнинг ўз иқтисодий, сиёсий, ижтимоий манфаатлари борлиги атрофлича тарғиб қилинган. Давлат чегараларининг дахлсизлигини сақлаш орқалигина жамиятда ўзаро тинчлик, фаровонликни таъминлаш мумкинлиги уқтирилган. Айнан шу йўналишда ўттиздан ортиқ давра суҳбатлари, маҳалла фаолларининг йиғилишлари ташкил этилган. Маҳалладаги таълим муассасалари, оилавий поликлиника, корхоналарда учрашувлар уюштирилган. 1-сонли ИИБ томонидан ташкил этилган тарғибот тадбирларига ҳарбий қисм командирлари ҳам таклиф қилинган.
Яна бир гап. Аҳоли қўшни республикага бор-йўғи ўн километр наридаги чегара ўтказиш пункти орқали ўтиши мумкин. Бунинг учун барча шароитлар яратилган. Мана шундай қулайликлар натижасида чегара дахлсизлиги ҳам, аҳоли осойишталиги ҳам таъминланмоқда. Энг муҳими, маҳаллада криминоген вазият назорат остида.
