Қўшсаҳифада — Сирдарё вилояти. Хизматни шараф билиб
2025-07-21 23:00:00 / Янгиликлар

Бугун вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида фуқароларни деярли учратмайсиз.
Сўнгги йилларда юртимизда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш борасида олиб борилган ҳаётбахш ўзгаришлар, соҳада инновацион технологияларнинг кенг қўлланилиши фуқаролар учун катта қулайлик яратган.
Эндиликда, дейлик, хорижга чиқиш истагида бўлган фуқаро вилоят марказидаги бошқармага келиши шарт эмас. У ўзи истиқомат қиладиган ёки яқин ҳудуддаги ИИБ М ва ФРБга мурожаат қилиши, бир неча дақиқадаёқ ҳужжатларни расмийлаштириши мумкин.
Кейинги пайтда ўқиш, меҳнат қилиш, сайёҳлик мақсадларида чет элга чиқиш ҳолатлари кўпаймоқда, — дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари майор Зафаржон Усмонов. — Айниқса, ёш авлод вакилларининг чет элга ўқиш учун йўл олаётгани қувонарли ҳол.
Гулистон туманида яшовчи Ҳамида Насриддинова инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификатни қўлга киритиб, Германияда ўқишга қарор қилди.
Юртим паспорти — фахрим, ғурурим, — дейди Ҳамида. — Уни қўлимга тутқазишганида вужудимни ҳаяжон чулғаб олди.
Жорий йилда хорижга чиқиш паспортини Давлат хизматлари маркази орқали юздан ортиқ фуқаролар олишди. Уларнинг паспортлари ўз вақтида етказиб берилган.
Хитойлик Ю Чжи Ван Ширин шаҳрида барпо этилаётган буғ-газ қурилмасида қурувчи-муҳандис бўлиб олти ойдан бери ишлайди. Ширин шаҳар ИИБ М ва ФРБ орқали ҳужжатлари тез, оворагарчиликларсиз расмийлаштириб берилган.
Чет эл фуқароларига юртимизда бўлиш тартиби, қонунчилигимиз талаблари тушунтирилаётгани бу борада қонунбузарликларнинг олдини олишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда, -дейди вилоят ИИБ М ва ФРБ инспектори, сафдор Иброҳим Бўрибеков.
Қолаверса, тез-тез чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарда бўлиб, улар билан мулоқот қилиб турилади. Бу ўзаро ишонч, ҳурмат руҳини шакллантирмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Сирдарё вилояти.
