«Вазир кубоги» мусобақасига расмий старт берилди
2025-07-19 16:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2025 йил 2 июлдаги буйруғи асосида, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги таркибий ва ҳудудий бўлинмалар ўртасида спортнинг «Миллий кураш» тури бўйича «Вазир кубоги» мусобақасини ўтказишга расмий старт берилди.
Мазкур мусобақа 2025 йилнинг 17–19 июль кунлари давомида бўлиб ўтмоқда. Унда Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳудудий бўлинмаларнинг энг иқтидорли ва жисмоний тайёргарлиги юқори бўлган ходимлари иштирок этмоқда. Мусобақанинг асосий мақсади – ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спортни оммалаштириш, жисмоний ва руҳий бардамликни мустаҳкамлаш, шунингдек, хизматга бўлган масъулиятни кучайтиришдан иборат.
«Вазир кубоги» мусобақаси доирасида ҳар бир иштирокчи белгиланган вазн тоифаларида ўз маҳоратини намоён қилмоқда. Баҳслар профессионал ҳакамлар иштирокида, спортнинг белгиланган қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу мусобақа ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги бирдамликни мустаҳкамлаш, жамоавийлик руҳини ошириш, спорт орқали соғлом рақобат муҳитини яратиш ва ёш ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Ахборот хизмати





