Қўмита муҳокамаси: маҳкумлар ҳуқуқлари мустаҳкамланади, судлар ўз фаолияти ҳақида ОАВ орқали жамоатчиликни хабардор қилади
2024-03-05 10:15:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 4 март куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги мажлисида муҳим қонунлар кўриб чиқилди.
Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, қонун ташаббускорлари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, конституциявий ислоҳотлар натижасида турли йўналишларда бўлгани каби маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур Қонун билан Жиноят-ижроия кодексига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлинишига, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга), Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (Болалар омбудсманига) ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайловларда ҳамда референдумда иштирок этиш имкониятларини берувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бунинг натижасида маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилиниши, жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этишга ҳамда маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормалари билан уйғунлаштиришни таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, янгиланган Конституцияда белгиланган суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритиши ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид кафолатларни таъминлаш мақсадида судлар раисларининг маҳаллий Кенгашларга бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилинмоқда. Киритилаётган ўзгартиришлар орқали эндиликда судларга ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши белгиланмоқда.
Мазкур ўзгартиришлар суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўлақонли таъминланиши учун кафолатларни янада мустаҳкамлашга, судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишининг олди олинишига, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиб бориши учун қатъий ҳуқуқий асос яратилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, мажлисда “Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.
Қонун билан баҳоловчи, назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида эксперт сифатида ҳам иштирок этиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган қўшимчалар билан камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкинлиги белгиланмоқда. Суд экспертининг текширишларни ўтказишда унинг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш бўйича мажбурияти назарда тутилмоқда.
Киритилаётган қўшимчалар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текшириш чоғида муаммоларни бартараф этишга, фуқароларнинг ортиқча харажатларини камайтиришга, шунингдек республикамизда мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашга доир ягона ёндашувни жорий этишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан қайд этилди.
Кўриб чиқилган барча қонунлар юзасидан сенаторлар ҳамда мажлис иштирокчилари томонидан қатор фикр-мулоҳазалар билдирилиб, мажлис якунида кўрилган масалалар бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.









