Қўшсаҳифада — Сирдарё вилояти. Уйда тинчи бўлсин аёлнинг
2025-07-18 23:00:00 / Янгиликлар

Назиржон имкон даражасида фарзандлари ва жиянларини кам-кўстсиз қилишга ҳаракат қилади. Киракашлик қилиб топганини уйига ташийди.
Лекин хотини билан опаси ўртасида жиддий келишмовчилик бор. Хотини қайнопасининг қайтиб келганидан норози. Опа эса, ўз ота уйимдаманку, деб ўзини ҳимоя қилади.
Назиржон «бош ёрилса, дўппи остида» деган нақлга амал қилиб, оиладаги можарони кўчага олиб чиқмасликка ҳаракат қилиб кўрди. Лекин баъзан тонг отгунча чўзиладиган можарога қўшнилар, профилактика инспектори бош қўшишга мажбур бўлди.
Ана шундай жанжаллардан бирига туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Маҳлиё Ҳамроева аралашди.
У аввалига оғир-вазминлик билан масалани атрофлича суриштирди. Ҳамма билан бирма-бир суҳбатлашди. Болаларнинг ўқиши билан қизиқди. Кейин эса турмуши бузилган опани олиб чиқиб кетди.
У ўша куни туман ҳокимлигида бўлиб, масъуллар билан учрашди. Вазиятни тушунтирди, маслаҳатлашди.
Саъй-ҳаракатлар самара бериб, икки фарзандли аёлга кўп қаватли уйлардан субсидия асосида квартира ажратиладиган бўлди. Орадан бир ойлар ўтгач, барча ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Янги хонадонга кўчиб кирган аёлнинг қувончини сўз билан таърифлашнинг иложи йўқ. Бу орада у Маҳлиё Ҳамроеванинг ташаббуси билан тикувчилик цехига ишга жойлаштирилган, топиш-тутишига барака энганди.
Асли фарғоналикман, тақдир мени Сирдарёнинг Ховоси билан туташтирган, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Қарийб уч йилдирки, ҳозирги лавозимимда ишлаб келяпман.
Нотинч оилаларда бўлганимда, можароларнинг асл сабабларини аниқлашга ҳаракат қиламан.
Шунга кўра, мутасадди ташкилотлар вакиллари, «маҳалла еттилиги», кайвони онахонлар, қолаверса, тажрибали устозларим кўмагида муаммоларни бартараф этишга киришаман.
Маҳлиё Ҳамроева жорий йилнинг ўзида бузилиш арафасида турган 18 та оилани сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
Демакки, шунча оилага ўзаро ишонч ва ҳурмат, осойишталик, хотиржамлик қайтди.
©️ “Postda” газетаси, Сирдарё вилояти.
