Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида 6 ойлик фаолияти сарҳисоб қилинди
2025-07-18 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов ҳузурида Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, келгусидаги устувор вазифалар ҳамда II чорак якунлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган мазкур йиғилишда Департамент ҳамда Бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат, жойлардан видеоконференция студиялари орқали тармоқлар раҳбарлари ҳамда шахсий таркиби иштирок этишди.
Дастлаб, Департамент хизмат ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматлар фаолияти таҳлил қилинди. II чорак давомида вилоят ҳудудида криминоген вазиятни янада яхшилаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, транспорт объектларида хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, жиноятчиликнинг айрим турлари ошган ҳудуд масъул раҳбарларининг фаолияти жиддий танқид остига олинди ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган тезкор-профилактик тадбирларни янада кучайтириш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари сўз олиб, Вазирлик раҳбарияти томонидан берилган вазифа ва топшириқларни барча шахсий таркиб алоҳида намуна кўрсатган ҳолда виждонан бажариши лозимлиги, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда бор билим ва салоҳиятини намоён қилиш, янгича дунёқараш билан халқимиз хизматида бўлишлари лозимлиги, тамагирлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслик, коррупцион ҳолатларга йўл йўл қўймаслик, фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва қонуний тартибда кўриб чиқишлари муҳимлиги айтилди.
Келгусида транспорт ва туризм объектларида жиноятчиликни олдини олиш, юртимизга ташриф буюраётган туристлар, йўловчи фуқаролар тинчлиги, осойишталигини таъминлаш борасида чора-тадбирлар белгиланиб, зарур топшириқлар берилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи






