Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти Сирдарё вилоятида ўрганиш ишларини олиб борди
2025-07-18 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва бошқа мутасаддилари иштирокида вилоятнинг қизил тоифадаги маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб борди.
Жорий йилнинг 8 июль куни давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимотда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирининг ўринбосари ўзи масъул этиб бириктирилган Сирдарё вилоятининг ҳудудларида, айниқса криминоген вазияти оғир қизил тоифадаги маҳаллаларида ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар давомида ушбу маҳаллар жиноятчилиги еттилик вакиллари ва бошқа масъуллар иштирокида танқидий таҳлил қилинди ҳамда вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ва оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятларни жиловлаш, кибержиноятларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактик-тарғибот тадбирларини кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Вазир ўринбосари томонидан куннинг иккинчи ярмида вилоятда 2025 йилнинг ўтган 6 ой якуни бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили ва муҳокамасига бағишланган йиғилишини ўтказди.
Ушбу йиғилишда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг соҳавий хизматлар масъуллари, ҳудудий Ички ишлар бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирокида ташкил этилди.
Йиғилишда вилоятда соҳа вакилларининг жорий йилнинг 6 ойи давомида қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти таҳлил этилди.
Танқидий руҳда ўтган тадбирда вилоятда умумий жиноятлар сони камайган бўлишига қарамасдан бир қатор ҳудудларда айрим турдаги қонунбузарликлар ортишига йўл қўйилгани билдирилди.
Ўтган йиғилишда ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар хусусида маълумотлар берилди. Ўз навбатида эришилган натижалар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларга тўхталди.
Муҳокамада жиноятчиликнинг айрим турлари ошган ҳудудларда ташкилий, тезкор ҳамда профилактик тадбирлар олиб бориш лозимлиги қайд этилди. Шу маънода масъулларга жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш бўйича кўрсатмалар берилиб, галдаги муҳим вазифалар белгиланди.
Шунингдек, йиғилишда соҳа ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш, коррупцион ҳолатлар, айниқса, тамагирликка йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича тавсиялар берилиб, зарур талаблар етказилди.
Йиғилиш сўнгида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ходимлар вазир ўринбосари томонидан муносиб тақдирланди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









