“Хавфсиз ва соғлом юрт“ ойлигининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда
2025-07-18 09:00:00 / Янгиликлар

Маълумки, жорий йил бошидан Президентимизнинг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган эди.
Мазкур қарор ижросини тўлиқ ва самарали таъминлаш мақсадида, пойтахтимиз ИИББ томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда дастлаб 15 январдан 15 февралгача “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги ўтказилди.
Мазкур ойлик давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига кўра криминоген вазиятнинг нисбатан барқарорлашгани, жиноятларнинг барвақт олди олиниши туфайли уларнинг сони сезиларли даражада камайгани қайд этилди.
Пойтахт ижобий тажрибасини республика бўйлаб жорий этиш мақсадида, шу йилнинг 15 апрелидан 15 майига қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик ойлиги юртимиз бўйлаб олиб борилди.
Мазкур ойлик натижаларига кўра пойтахтдаги мавжуд 585 та маҳалланинг 358 тасида криминоген вазият барқарорлашиб, 164 тасида биронта жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Сўнгги уч йилда “қизил” тоифада бўлган 53 та маҳалладан 36 тасида криминоген вазият барқарорлашиб, фирибгарлик жиноятлари уч бараварга, оила турмуш доирасидаги ҳамда ўғирлик жиноятлари икки бараварга камайди.
Натижада “қизил” тоифадаги 43 та маҳалладан 10 таси “яшил”, 16 таси “сариқ” тоифага ўтказилишига эришилди.
Бундан ташқари “қизил” тоифадаги маҳаллалар раҳбарларга бириктирилиб, бу ҳудудларда профилактик-тушунтириш, якка тартибдаги суҳбатлар ўтказиш кучайтирилди.
Аёллар ва ўсмирлар иштирокида содир этилаётган жиноятлар илмий ёндашув асосида ўрганилиб, махсус тузилган режалар бўйича ишлар ташкиллаштирилди.
Жиноят содир этишга мойил ёшлар соҳа раҳбарларига бириктирилиб, мактабларда фаолият юритаётган инспектор-психологларнинг ишлари кучайтирилди.
Ойликнинг натижадорлиги ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, криминоген вазиятни мўътадиллаштиришдаги ижобий кўрсаткичлар эътиборга олиниб, жорий йилнинг 15 июлидан 15 августига қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлигининг иккинчи босқичига старт берилди.
Шаҳримиздаги “Бунёдкор” стадионида ИИВ масъуллари, Тошкент шаҳар ИИББ, Прокуратура, Миллий гвардия раҳбарияти ва шахсий таркиб билан йўриқнома ўтказилди.
Йўриқномада амалга ошириб келинаётган ойликнинг биринчи босқичидаги ижобий кўрсаткичлари эътироф этилиб, навбатдаги тадбирда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирларга урғу берилди.
Тадбир давомида, шунингдек, юқоридаги ижобий кўрсаткичларга эришишда сидқидилдан, виждонан хизмат вазифаларини бажарган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди.
Шу ўринда азиз ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонларига мурожаат қилиб, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлигининг иккинчи босқичида ҳам фаол иштирок этишларини, ҳар бир ҳуқуқбузарликлар, жамиятимизга зид хатти-ҳаракатлар, қонунбузилишларга бефарқ, лоқайд бўлмасликларини, ҳар қандай салбий ҳолат бўйича ички ишлар органларига кечикмай хабар беришларини сўраб қоламиз.
Унутманг, уйингиздаги, маҳаллангиздаги, пойтахтимиздаги тинчлик-осойишталик – юртимиздаги тинчлик-осойишталикдир. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши биргаликда курашайлик.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати








