Аёл ва жамият. Касб танлашда адашмаган
2025-07-17 23:00:00 / Янгиликлар

Қўнғирот туманида туғилиб вояга етган Назира болалигиданоқ отаси каби ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қиларди. Ушбу орзусини амалга ошириш мақсадида мактабда ижтимоий фанларга алоҳида меҳр қўйиб, аъло баҳоларга ўқиди. Сўнг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети юридик факультетида таҳсил олди. Дорилфунунни тугаллаб, отасига ички ишларда ишлаш истагини айтганида, Едилхан оға: «Бу соҳада ишлаш осон эмас, унинг масъулияти жуда оғир, қизим», — дея унча рўйихушлик бермади.
Назира уч йилга яқин давлат ташкилотларидан бирида юрист маслаҳатчи сифатида ишлади. Қизининг ишига пухталиги, ўзига талабчанлигини кўрган ота ниҳоят рози бўлди. Назира Бекимбетова тизимдаги илк фаолиятини 2013 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ 2-сонли Тергов ҳибсхонасида бошлади. 2019 йилдан буён эса Қораўзак тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Ўтган вақт мобайнида ҳудуддаги хотин-қизлар ўртасида турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишларда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида 78 та хонадон ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида турли масалаларга доир 25 тадан ортиқ муаммо аниқланиб, бугунга қадар 22 таси ижобий ҳал этилди.
Бердақ номидаги овул фуқаролар йиғинида ўтказилган ўрганишлар натижасида бир аёлнинг яшаш шароити оғир, турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони эканлиги, шунингдек, 2 нафар фарзандининг шу кунга қадар идентификация ИД-карталари олмаганлиги маълум бўлади. Мазкур масала туман ҳокимлигига етказилиб, ҳомийлар томонидан ушбу оилага янги уй қуриб берилди. Аёлнинг бир фарзандига маҳалла, иккинчисига эса шахсан Назира Бекимбетова ҳисобидан шахсини тасдиқловчи ҳужжати учун тўлов тўлаб берилди.
Шунингдек, ўтган вақт мобайнида профилактик ҳисобда турувчи ҳамда нотинч оилаларда тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолати содир бўлмади. Бундан ташқари, 51 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Мазкур ордер талабларига риоя этмаган қонунбузарларга нисбатан тегишли жазо чоралари тайинланди.
- Аёллар табиатан ҳиссиётга тезроқ берилувчан бўлади. Хизмат фаолиятим давомида бунга кўп бора гувоҳ бўлганман. Лекин бу улар ҳар доим ҳам айбдор дегани эмас. Чунки айрим аёллар ичида сақлаб келаётган дарду ташвиш унча-мунча эркакнинг қаддини букиши мумкин. Шу боис хонадонлардаги ўрганишларда биринчи навбатда оилада муаммоларга эътибор қаратиб, уларни имкон доирасида ҳал этиш чорасини қидираман. Ташвишлари ариган хотин-қизларнинг юзидаги хурсандчилигини кўрсам, касбимни тўғри танлаганимдан, бошқаларга ёрдамим текканидан фахр ҳиссини туяман, — дейди капитан Назира Бекимбетова.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, мақоламиз қаҳрамони жамият ҳаётида фаол иштирок этиш билан бирга, оилада ҳам намунали бекалардан бири ҳисобланади. Ҳозирда турмуш ўртоғи Жолмирза Хожанов билан Жамалатдин ва Имаматдин исмли икки нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда.
Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Қорақалпоғистон Республикаси
