Наманган вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳитни шакллантириш юзасидан ўрганишлар олиб борилди
2025-07-17 11:50:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, хизмат интизоми ҳамда ижрочиликка риоя этилиши юзасидан кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида туман ҳокимлиги ва прокуратура вакиллари иштирокида ички ишлар бўлимлари фаолияти, ходимлар ҳамда фуқаролар учун яратилган шароитлар, техник таъминот, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари, хавфсизлик чора-тадбирлари билан яқиндан танишилди.
Дастлаб ишчи гуруҳ Мингбулоқ туманидаги “қизил” тоифага кирувчи “Бирлашган” ва “Қайроғочовул” маҳаллаларида бўлиб, жиноятлар сабаблари, маҳалла еттилиги фаолияти ва аҳоли муаммолари чуқур таҳлил қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли раҳбарларга аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек, ПҚ-1-сонли қарор ижроси, аҳоли билан манзилли иш олиб бориш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш ва “қизил” тоифадаги маҳаллаларни босқичма-босқич “яшил” тоифага ўтказиш юзасидан ҳам аниқ вазифалар белгиланди.
Ўрганиш натижалари бўйича туманларда жиноятчиликни камайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича устувор йўналишлар муҳокама қилинди, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









