Ёшлар маърифати ва хизматга жалб этишда янги босқич: маънавий учрашувлар ва меҳнат ярмаркалари
2025-07-17 11:40:00 / Янгиликлар

Бешинчи минтақавий ҳудудга қарашли 11-сон жазони ижро этиш колониясида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар билан тизимли равишда тарбиявий-маърифий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан бошланган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида Навоий инновациялар университетида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Ҳар бир миллатнинг нажоткори – илм” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда илмнинг инсон ҳаётида тутган ўрни, унинг қалб ва тафаккурни нурлантириши, жаҳолатдан нажот фақат илм орқали бўлиши ҳақида атрофлича фикрлар билдирилди. Шу билан бирга, илм олиш инсон учун зарурат эканлиги, у нафақат билим, балки санъат экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Бешинчи минтақавий ҳудудга қарашли 11-сон жазони ижро этиш колониясидаги бўш лавозимларни малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида кенг қамровли тарғибот ишлари ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда.
Жумладан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида вилоятдаги барча олий ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчи ёшлари учун “Бизнес марафон”, семинар-тренинглар, мотивацион учрашувлар ва 3000 дан ортиқ бўш иш ўринларини қамраб олган меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Ушбу тадбир доирасида жазони ижро этиш муассасаси масъул ходими томонидан Ички ишлар органларида хизмат қилиш имкониятлари, мавжуд имтиёзлар, яратилган шарт-шароитлар ҳамда хизматга қабул қилиш тартиб-қоидалари бўйича ёшларга батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир якунида ёшлар томонидан берилган саволларга жавоблар берилиб, хизматга қизиқиш билдирганларга тегишли алоқа маълумотлари тақдим этилди.
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Ахборот хизмати




