Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида Бухоро вилояти ИИБда ўтган ярим йиллик ҳисобот йиғилиши ўтказилди
2025-07-15 18:00:00 / Янгиликлар

Видеоселектор тарзида ўтган мазкур йиғилишда, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигида унинг барча ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, бўлим ҳамда бўлинма бошлиқлари ва барча шахсий таркиб иштирок этди.
Йиғилишда Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳисобот бериб, ўтган олти ой давомида вилоятда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга бирма-бир тўхталиб, эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар ҳам санаб ўтилди.
Жиноятчиликнинг айрим турлари ошган ҳудуд мутасадди раҳбарларига бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий, тезкор ҳамда профилактик тадбирлар хусусида кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Сўзга чиққан Вазир ўринбосари, вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган галдаги вазифалар хусусида сўз юритиб, шахсий таркиб ўртасида турли коррупциоген ҳолатлар, айниқса, тамагирликка йўл қўймаслик, хизмат ва ижро интизоми ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида ўзининг тавсия ва талабларини етказди.
Тадбир якунида вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасидаги манзилли ишларни бажаришда сансоларликка йўл қўйган, масъулият билан ёндашмаган мутасаддиларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати








