Касб фидойилари: Тажрибада гап кўп
2024-03-02 23:55:00 / Янгиликлар

Дилшод акаси, ҳозирда Миллий гвардия Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасида хизмат қилаётган сержант Ёқуб Шоназаровга ҳавас билан улғайди. Чироқчи туманидаги 131-сонли мактабни битиргач, ҳарбий хизматни ўтади. Сўнг ички ишлар органларида хизмат қилиш учун Қашқадарё вилояти ИИБга ҳужжат топширди. Синовлардан ўтиб, 2003 йилда вилоят ИИБ Қўриқлаш бошқармаси «Талимаржон» АМБда хизматни бошлади. Касб сирларини устози — сержант Хурсанд Бобожоновдан ўрганди. Олган сабоқлари хизмат даврида асқатди.
Кичик сержант Д.Шоназаров ўтган йиллар давомида бурчга содиқлиги, сергаклиги ва хушмуомалалиги, топшириқларни кам-кўстсиз бажариши билан ҳамкасблари ўртасида ҳурмат қозонди.
Бугунги кунда вилоят ИИБ назорат-ўтказиш пункти назоратчиси вазифасида ишлаётган лавҳамиз қаҳрамони бошқармага келган фуқароларга мурожаати бўйича йўналиш бериш, иш билан шаҳар-туманлардан келган ходимларнинг бинога кириб чиқишини назорат қилишда фаоллик кўрсатмоқда.
- Бошқармага ҳар хил тоифадаги, турли табиатли инсонлар мурожаат этиб келишади, — дейди кичик сержант Дилшод Шоназаров. — Масалан, айрим фуқаролар жаҳл отига миниб келади. Уларга тўғри муомала қилиш, тушунтириш орқали ҳар қандай масалага ечим топиш мумкин. Бу жараёнда менга кўп йиллик тажрибам жуда қўл келади.
Кечаги шогирд бугун ёшларнинг устози. Дилшод Шоназаровдан бугун кўпгина шогирдлари маслаҳат олиб туришади. Назорат-ўтказиш пункти назоратчилари — сафдорлар А.Зиёдов ва Б.Шодиев уни устоз дея эъзозлашади.
Кичик сержант Дилшод Шоназаров 4 нафар фарзандни эл корига камарбаста қилиб тарбияламоқда. Ўғли Рамазон Губкин номидаги университетнинг Тошкент филиалида таълим олмоқда.
Содиқ РАҲИМОВ, ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти
