Жиноятга жазо муқаррар. Тезкорлик ва ҳушёрлик билан
2025-07-15 23:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни фош этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Қуйида тезкорлик билан фош этилган бир неча жиноятлар тафсилоти билан таништирамиз.
Тунги соат 01:20 лар атрофида вилоят ИИББ Қўриқлаш бошқармасига Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳридаги қўриққа олинган савдо дўконидан сигнал тушди. Тезкор гуруҳ 3 дақиқа ичида воқеа жойига етиб борди.
Энг қизиғи, қоқ ярим тунда дўконга ўғирликка тушган шахс Сарвар Садиров (воқеа иштирокчисининг исм-шарифи ўзгартирилди) қочишга уриниб қўлидаги пичоқ орқали ўзини жароҳатлаш билан таҳдид қилади.
Ходимлар томонидан кўрилган чоралар натижасида Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган бу кимса зарарсизлантирилиб, ҳодиса жойида қўлга олинди.
Навбатдаги ҳолат ҳам ўғрилик бўлиб, Чиноз тумани деҳқон бозорида содир этилган. Афсуски, бу бир эмас, 4 нафар шахс иштирокида.
Аммо жиноят шу куниёқ фош этилди. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида савдо расталаридан тахминий нархи 5,2 млн сўмлик қўл телефонлари ва аксессуарларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган «шоввоз»лар қўлга олинди.
Гумонланувчи шахслар томонидан ўғирланган буюмлар эса жабрланувчиларга қайтарилди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бугунги замонавий дунёни турли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сўнгги йилларда инсониятнинг интернет ва ахборот технологиялари соҳаларидаги ихтиролари натижасида ахборот маконидан фойдаланувчилар сони ошди, унинг позитив ва негатив таъсир доираси ҳам кенгайди.
Энг ёмони, жиноятларнинг янги тури — кибержиноятлар юзага келди. Англаганингиздек, галдаги воқеа айнан юқоридаги мулоҳазаларимизга тўлиқ мос келади.
Вилоят ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Чиноз тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида Telegram мессенжери орқали фирибгарлик билан шуғулланиб келган шахс аниқланиб, ушланди.
Бунга Чиноз туманида яшовчи 33 ёшли фуқаро Амир Назаровнинг Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, Telegramда «Бунёдбек» номли профиль орқали онлайн даромад олиш ниятида 5 миллион 850 минг сўм пул ўтказганини ва алданганини билдириб қонуний чора кўришни сўрагани сабаб бўлди.
Суриштирувлар давомида ушбу фирибгарликни Бухоро вилоятида яшовчи 20 ёшли йигит содир этгани ойдинлашди.
У мессенжерда 10 дан ортиқ сохта профиллар очиб, одамларни «трейдинг» орқали даромад топишга ишонтирган ва уларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, Тошкент вилояти.
