Амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди
2025-07-13 09:46:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳузурида Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва Пробация хизматлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар, ҳамда келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш масаласи Президентимиз томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатида энг муҳим ва устувор ўрин эгаллайди. Ўтган қисқа давр мобайнида, айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ички ишлар органлари фаолиятида янги иш услублари жорий этилди ва бу соҳада яхлит ҳуқуқий тизим яратилди. Натижада, жорий йилнинг 6 ойида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 2 011 тага камайди. Энг муҳими, 55 фоиз маҳаллаларда жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Пробация бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан назорат остидаги шахсларнинг ижтимоийлашуви ҳамда бандлигини таъминлаш, улар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатларининг барвақт олдини олишга қаратилган бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, назорат остидаги шахсларни бандлигини таъминлаш мақсадида, ҳудудий бандликка кўмаклашиш бўлимлари билан ҳамкорликда 1 690 маротаба «Ишга марҳамат»меҳнат ярмаркалари ўтказилди. Мазкур тадбирлар давомида 6 211 нафар назорат остидаги шахсларнинг бандлиги таъминланди.
Йиғилиш якунида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан муҳокама этилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати






