Огоҳлик. Қурол ўйинчоқ эмас
2025-07-12 23:00:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ходимлари ҳудудий профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда фуқароларга тегишли ов қуролларининг сақланишини ўрганиб бориш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида ов қуролига эга 2 минг 161 кишига ўқотар қуролларни сақлаш ва қўллашга оид тушунтиришлар берилди.
Шунга қарамасдан, айрим шахслар ов қуролини сақлаш билан боғлиқ меъёрларни бузишяпти.
Жумладан, соҳа вакиллари Жиззах шаҳрининг «Раваллиқ» маҳалласида истиқомат қилувчи Х.А. ов қуроли ва ўқ-дориларни бир жойда сақлаётганини аниқлаб, милтиғини расмийлаштириб олишди.
Мазкур хатти-ҳаракати учун суд ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида жарима тайинлади.
Умуман олганда, йил бошидан буён қуролни сақлаш ва олиб юриш қоидалари ҳамда рухсатнома муддатини бузганлиги учун 442 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, улардан белгиланган миқдорда жарима ундирилиши таъминланган.
Ички ишлар органлари ходимлари 17 та қурол ҳамда 284 та ўқ-дори сақлаш билан боғлиқ қонунбузарликларни аниқлаган.
Ўз навбатида, 16 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, 56 та ўқотар қурол ноқонуний муомаладан олинди.
Қолаверса, соҳа вакиллари ташвиқоти сабаб 42 киши ўқотар қуролларини топширди. Ушбу қуролларнинг 29 таси пневматик милтиқлардир.
Қисқаси, қурол туғдириши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш учун барча имкониятлар ишга солинаётир.
©️ “Postda” газетаси, Алижон Абдусатторов, Жиззах вилояти.
