Курсантлар ҳаётидан. Тажриба мактаби
2025-07-05 08:35:00 / Янгиликлар

Шу кунларда ИИВ Академиясининг бир гуруҳ курсантлари Қашқадарё вилояти ички ишлар органларида амалиёт ўтамоқда. Шу муносабат билан дастлаб амалиётни ўташ жараёнига бағишланган йўриқнома ўтказилиб, бошқарма соҳавий хизматлари ва шаҳар-туманларда узоқ йиллардан буён хизмат қилаётган тажрибали ходимлар курсантларга мураббий этиб бириктирилди.
- Вилоят ИИБ Киберхавфсизлик бўлимида амалиёт ўтаяпман, — дейди ИИВ Академияси 2-босқич курсанти Ислом Қўзиев. — Албатта, назарий билимни амалиётда қўллаш соҳага оид кўникмамни оширади. Ҳали ўрганишим керак бўлган билим ва тажрибалар талайгина. Бу борада мураббийим, капитан Акром Убайдуллаевдан касб сирларини ўзлаштиряпман.
- Биринчи ва иккинчи босқич курсантлари Академияда олган назарий билимларини мустаҳкамлаш, фаолиятда тўғри қўллаш, касб сирларини пухта ўрганиш учун амалиёт ўтамоқда, — дейди ИИВ Академияси ўқитувчиси, амалиёт раҳбари, подполковник Искандар Раҳмонқулов. — Бундан кўзланган асосий мақсад курсантларнинг касбий маҳорати, жисмоний ва жанговар шайлигини, хизматга тайёргарлигини оширишдир.
Амалиёт — тажриба мактаби. Бу айни пайтда вилоят ички ишлар органларида амалиёт ўтаётган курсантларнинг касбий малакасини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Содиқ РАҲИМОВ, ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
