Ички ишлар органларида жисмоний тайёргарликни ошириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди
2025-07-04 14:35:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳузурида шахсий таркибнинг жанговар жисмоний тайёргарлигини ошириш, қурол ва махсус воситалардан тўғри фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ходимларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши ҳамда уларнинг касбий тайёргарлик даражасини янада мустаҳкамлаш мақсадида, спорт (жисмоний тайёргарлик) машғулотида ходимларнинг хизмат вазифаларини бажариш вақтида ўзини-ўзи ҳимоя қилиш бўйича махсус жисмоний тайёргарлик усулларини етарли даражада ўзлаштириши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шахсий таркибнинг ҳафтанинг белгиланган кунлари жисмоний тайёргарлик машғулотларига қатнашишлари устидан назорат кучайтирилиб, бу борада барча даражадаги раҳбарларнинг “шахсий ўрнак” бўлишлари асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. Машғулотлар давомида буйруқ асосида бириктирилган жамоатчи инструкторлар томонидан спортнинг самбо (қўл жанги ҳамда ўз-ўзини ҳимоя қилиш усуллари), якка кураш, енгил атлетика, кросс, сузиш, спорт ўйинлари ҳамда куч ишлатиш бўйича амалий машқлар ташкил этилиб, асосий эътибор машғулотларни сифатли ва самарали ўтказилишига ҳамда ходимлар томонидан машқларни мукаммал ўзлаштиришлари таъкидланди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати



