Ўринбосарнинг бир куни. «Уйда тинчи бўлсин йигитнинг аввал..»
2025-07-03 23:00:00 / Янгиликлар

Ишда унум бўлиши учун, аввало, оилада тинчлик, хотиржамлик бўлиши керак. Ҳаётий муаммоларга кўмилиб қолган инсоннинг руҳий ҳолати барқарор бўлмайди. Шу боис, Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор Азизжон Ғиёсов шахсий таркибнинг оилавий аҳволини тез-тез ўрганиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга интилади.
У баъзан олис ҳудудлардаги Сардоба ва Оқолтин туманларига, ҳатто Жиззах вилоятининг Янгиобод туманига бориб, ходимлар ҳолидан хабар олади.
Яқинда шаҳар ИИБ ҲПБ бошлиғи, капитан Илёс Муҳаммадиев билан бирга Сайхунобод туманига йўл олди. Яъни, улар Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси инспектори, ёш ходим сафдор Фарҳод Ўринбоевнинг уйига боришди. Каттагина ҳовлида уларни сафдорнинг отаси кутиб олди. Маълум бўлишича, ўн беш сотихлар келадиган ҳовлида учта оила истиқомат қилар экан.
Суҳбат чоғида Сайхунободдан қатнаб ишлаш ходимга бироз қийинчилик туғдираётгани, Гулистон шаҳридан уй олиш истагида экани ойдинлашди. Оила аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда, Фарҳод Ўринбоевга иш жойига яқинроқ ҳудуддан уй харид қилиш учун кўмаклашишга келишиб олишди. Шу ернинг ўзида телефон орқали мутасаддилар билан гаплашиб, ходимнинг маълумотларини ижтимоий ҳимоя реестрига киритди.
Сайхунободдан чиқиб, Гулистон туманидаги «Зарбдор» маҳалласига боришди. Бу ерда шаҳар ИИБ ЭКБ эксперти, капитан Шохруҳ Турдиқулов истиқомат қилади.
Шохруҳ меҳнаткаш, тиришқоқ ва масъулиятли ходимнинг бу фазилатлари хонадонидаги ободликда, файзда ҳам кўринди. Ҳамма жойда саранжом-саришталик, гуллар яшнаб турибди. Ходимнинг онаси ўғлининг ҳамкасблари сўраб келганидан қувонди. Уларни дуо қилиб, ишларига омадлар тилади. Хонадонда хотиржамлик, тўкислик ҳукмрон эди. Оилада жиддий муаммо кўтарилмади. Шу боис раҳбарлар бу манзилдан кўнгиллари хотиржам қайтишди.
Профилактика инспектори, лейтенант Шерзод Ўрозбоев шаҳарнинг 4-мавзесида истиқомат қилади. Яқинда оила қурган бу ходим ота-онаси билан бирга яшайди. Ходимнинг ота-онаси билан танишишди. Баъмани одамлар экан. Ушбу оила аъзолари майор Азизжон Ғиёсовда катта таассурот қолдирди. Уларга мана шундай фарзанд, етук ходимни тарбиялаганлари учун миннатдорлик билдирди.
Ўзаро суҳбатда янги тушган келинни ишга жойлаштириш масаласи ҳам кўтарилди. Уни яшаш манзили-га яқин жойдаги МТМга тарбиячи вазифасига ишга жойлаштиришга қарор қилинди. Шу куннинг ўзидаёқ тегишли ҳужжатлар онлайн тарзда расмийлаштирилди. Бўш иш жойи борлиги сабабли масала ижобий ечимини топди.
Сўнгги манзил шаҳар ИИБ ҲПБ инспектори, лейтенант Нодир Худойбердиевнинг уйи бўлди. Унинг фарзандларидан бирини, айниқса, баҳор-куз мавсумида аллергик бронхит касаллиги қийнайди.
Шифокорлар «Оқтош» санаторийсида профилактик даволаниш курсини тавсия қилишган. Майор Азизжон Ғиёсов раҳбарият билан келишиб, бу масалани ҳам ҳал қилди. Вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими, Касаба уюшмаси кўмагида болажон «Оқтош» санаторийсига юбориладиган бўлди.
Кечга яқин ишга қайтаркан, Азизжон ҳар бир ходимнинг хизмат фаолиятини кўз олдидан ўтказиб, атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг:
Уйда тинчи бўлсин йигитнинг аввал,
Сўнгра бутун бўлсин дўстнинг иймони.
Инсон юрагини тилкалар азал,
Шу икки нарсанинг буюк армони,
- деган сатрлари бежиз ёзилмаганига яна бир карра амин бўлди.
Шу билан бирга «ходимбай» ишлаш, ходимлар ҳолидан хабар олиш нафақат хизмат бурчи талаби, балки ўзгаларнинг дарду ташвишига шерик бўлиш, ўзаро бир-бирига кўмаклашиш юк-сак инсоний фазилат эканини янада чуқурроқ англади.
Бу шахсий таркибнинг зиммасидаги ишларни янада катта куч-ғайрат билан давом эттиришига илҳом бағишлашидан қувонди.
©️ “Postda” газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
