2-март Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилинган кун
2024-02-27 / Воқеалар тақвими
БМТни ташкил этиш ҳақидаги қарор СССР, АҚШ, Англия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги кенгашида 1943-йилда, низоми эса Сан Франциско конференциясида 1945-йилда қабул қилинган. БМТ низомига дастлаб 51 давлат имзо чеккан, 2000-йилда эса улар сони 189 тага етди.
БМТ низомида кўрсатилганидек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий-ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган марказ ҳисобланади.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганидан кейин кўп ўтмай 1992-йил 2-мартда БМТга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. 1993-йили 24-октабр куни БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди, шу билан биргаликда, БМТда Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти — ЮНEСКОга ҳам аъзо бўлган.
