Мардлар қўриқлайди ватанни. Сурхоннинг ҳақиқий ўғлони
2024-02-27 11:00:00 / Янгиликлар

“Армия — ҳаёт мактаби” деб бежиз айтишмайди. Нуриддин Эргашев Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7257-ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўташ даврида ўзининг ҳар томонлама яхши жиҳатларини кўрсатди.
Авваламбор, намунали хулқ-атворини намоён этди. Хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этди.
Жанговар тайёргарлик машғулотларини пухта ўзлаштирди. Айниқса, амалий ўқ отиш машқларини аъло баҳоларга бажарди. Темир интизомга қатъий риоя қилиб, командирлар ва бошлиқларнинг буйруқларини сўзсиз бажариб келмоқда.
Ёшлигида миллий курашга бўлган қизиқиши ҳақиқий Сурхон ўғлонига хосдир. У миллий кураш бўйича ўз вазни тоифасида вилоят ҳокимининг бош совриндори бўлган.
Қаҳрамонимизнинг отаси Ўктам ака Қумқўрғон туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга тарих фанидан сабоқ беради, онаси эса уй бекаси.
Ундаги мутолаага қизиқиш отасидан ўтган. Ўқиган китоблари орасида, айниқса Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романини жуда яхши кўради.
Бобоси Эргаш ота эса узоқ йиллар Қумқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлимида самарали хизмат қилиб, иззат-икром билар пенсияга кузатилган.
Мақсадим бобомнинг ишини давом эттириш, — дейди Нуриддин.
Шунинг учун муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, ИИВ Академиясига ўқишга кирмоқчи. Ниятинг йўлдошинг бўлсин, Нуриддин!
Дониёрбек Турғунов. II даражали сержант.
