Туман ИИОФМБда. Ислоҳотлар — юқори натижалар гарови
2025-07-02 13:10:00 / Янгиликлар

Сергели туман ИИОФМБ 1-сонли ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Зарнигор Муҳаммедова жорий йил бошидан буён бугунги кунга қадар 35 нафардан ортиқ хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштириб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, 205 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизга моддий ёрдам бериш, 32 нафарининг бандлигини таъминлаш, 24 нафарини тиббиёт муассасаларига ётқизиш, 9 нафарининг тадбиркорлигини йўлга қўйиш чораларини кўрди.
— Оиладаги муаммоларидан зада бўлган аёлларнинг мурожаатларини тинглаб, тўғри хулоса қилиш, холис ва оқилона ечим топиш, баъзиларини ҳал қилиниши учун мутасаддиларга йўналтиришда Зарнигор каби серғайрат ёшлардан умидимиз катта, — дейди «Саховат» МФЙ раиси Ҳакимжон Каримов.
Бугунги кунда туман ИИОФМБ Пробация бўлими ҳисобида 651 нафар шахс туради. Улардан 75 нафари жиноят содир этишга мойил, 31 нафари жиноят содир этиш хавфи юқори, қолганлари эса тузалиш йўлига ўтганлардир.
-Жазо муддатини ўтаётган шахслар доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилмоқда, -дейди капитан Бауржан Кушенов. — Хусусан, тадбиркор Авазбек Эҳсонов раҳбарлигидаги «Комфорт-сити» МЧЖда пробация ҳисобида турувчи ўндан ортиқ шахслар гилам ва юмшоқ мебелларни ювиш билан шуғулланиб, шу йўналишдаги сир-асрорларни пухта эгаллаб келишяпти.
«Султонобод» маҳалласидаги 557-сонли таянч пункти профилактика инспектори, капитан Зоҳиджон Зуфаров бир қанча ёш ходимларнинг устозидир. Орттирган тажрибаси ва тайёрлаётган шогирдлари туфайли унинг хизмат фаолиятида юқори натижаларни кузатиш мумкин. Буни маҳалланинг «яшил» тоифада эканидан ҳам билса бўлади.
- Зоҳиджон ака билан бирга тўрт йилдан бери ишлаб келаман, — дейди лейтенант Ортиқжон Иноқов. — Унинг шогирдларига айтадиган қатъий уч насиҳати бор: фуқароларга нисбатан тўғрисўз, адолатли бўлиш, луқмани ҳалол қилиш, хизмат либосига доғ туширмаслик.
Лейтенант Дилшод Кулиев туман ИИОФМБ кадрлар билан таъминлаш гуруҳи инспектори лавозимида китобхонлик тадбирлари, «Заковат» билимдонлар беллашувлари ва бошқа тарбиявий ишларни ўтказиб келмоқда.
Истеъфодаги сержант Мансур Абдираимов айни пайтда тумандаги «Соҳибқирон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
Маҳаллада 16 та кўп қаватли уй жойлашган бўлиб, 1376 та хонадонда 5480 нафар аҳоли истиқомат қилади.
- Маҳалламизда аҳоли иштирокида жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз бўлиш юзасидан мунтазам учрашувлар ўтказилади, — дейди биз билан суҳбатда у. — Бу тадбирларда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари қатнашиб, фуқароларга жиноятчилик, айниқса, экстремизм, гиёҳвандлик, одам савдосининг салбий оқибатлари тушунтирилмоқда.
Ичкиликбозликка ружу қўйган, оила-турмуш доирасида мунтазам ҳуқуқбузарликлар содир этувчилар, ножоиз хатти-ҳаракатлари билан фарзанд тарбиясига салбий таъсир қилувчи ота-оналарнинг қилмишлари маҳалла фаоллари, оқсоқоллар билан муҳокама қилиб келинаётгани боис жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада бирорта жиноят содир этилмади. Шу боис маҳалла «яшил» тоифада. Бундай натижаларни қўлга киритишда, шубҳасиз, маҳалла профилактика инспектори, катта лейтенант Асадулла Мирзалиев ва лейтенант Бунёдбек Алижоновнинг ҳам алоҳида хизмати бор.
Адолат Файзиева, ўз мухбиримиз.
Абу Кенжаев, фотомухбир.
«Постда»
