Соҳавий хизматларда. Самарали тергов натижалари
2025-07-02 08:10:00 / Янгиликлар

Наманган шаҳар ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбир чоғида, «Сумалак гузари» МФЙ ҳудудида кетаётган янгиқўрғонлик А.И. ходимларда шубҳа уйғотди. Холислар иштирокида текширилганида фуқаронинг ёнидан пакет парчасига ўралган тўқ-жигарранг рангли, ўткир ҳидли модда топилди. Вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлими ходимларининг хулосасига кўра, мазкур модда 0,95 грамм оғирликдаги опий гиёҳвандлик моддаси экан.
Тергов бўлимимиз катта терговчиси, капитан Улуғбек Эркинов тергов жараёнида фуқаронинг аввал ҳам гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар истеъмол қилганини аниқлади. Чунончи, судга оид наркологик экспертиза хулосасида И.А. наркологик диспансер ҳисобида туриши, гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилиши, мажбурий даволанишга муҳтожлиги кўрсатилган. Мазкур ҳолат юзасидан терговчи томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидлаш керакки, терговчиларимиз томонидан йил бошидан буён 690 дан ортиқ жиноят ишлари тергов қилиниб, шундан 270 дан ортиғи тамомланган. Тамомланган жиноят ишларидан 98 фоизи тегишлилиги бўйича судларга юборилган. Шунингдек, 238 дан ортиқ жиноят ишлари айблов хулосаси ва айблов далолатномаси билан, 32 та жиноят иши ярашув муносабати билан ҳам тегишли тартибда судларга тақдим этилган.
Ходимларимиз ўтган даврда 23 та жиноятни фош этишга, қидирувдаги 9 нафар шахсни қўлга олишга эришди. Жабрланувчиларга етказилган 13 млрд 996 млн сўм миқдоридаги моддий зарарнинг 13 млрд 16 млн сўми, яъни 93 фоизи ундирилди. Жиноятларнинг олдини олиш борасида 266 тадан ортиқ тақдимномалар киритилди.
Подполковник Баҳодир Сатимов, майор Ноила Умархонова, капитан Аббосбек Полвонов, катта лейтенант Нодирбек Маҳмудов каби маҳоратли терговчиларимиз зиммасидаги масъулиятли вазифаларни бажаришда намуна кўрсатиб келмоқдалар.
Улуғбек ЁҚУБОВ, майор.
Наманган вилояти.
