ИИВнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиларининг Хитойга ташрифи: ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш мақсадида
2025-07-01 12:20:00 / Янгиликлар

Хитой Халқ Республикаси билан Ички ишлар вазирлиги таълим тизими йўналишида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори, подполковник Аслиддин Бегбоев ва бир гуруҳ ўқувчилар 2025-йил 24–28-июн кунлари Хитой Халқ Республикасида бўлишди.
Ташрифдан асосий мақсад – таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Хитойдаги ислоҳотлар ва тажрибалар билан яқиндан танишиш, ўқувчиларда экологик маданият ва тарихий меросга ҳурмат туйғусини шакллантиришдан иборат бўлди.
Дастлаб, делегация Ченду шаҳридаги “Пандаларни етиштириш ва ривожлантириш маркази“, қадимий Сичуан музейи ва “Куанчжай Сянзи” кўчалари бўйлаб саёҳат қилди. Шунингдек, Дуцзянъянь ирригация тизими бўйлаб сайр уюштирилди. Булар ўқувчиларга табиатни муҳофаза қилиш ва экологик онгни шакллантиришга қаратилган билим ва кўникмаларни бойитишга хизмат қилди.
Сафарнинг кейинги қисмида делегация Сиан шаҳридаги қадимий давлат музейи ва “Буюк ипак йўли бошланиши музейи“га ташриф буюришди. Ушбу маданий объектлар орқали ўқувчилар Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги тарихий алоқалар, шунингдек, улкан сивилизация мероси билан танишдилар.
Ташриф якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва таълим соҳасида қўшма ташаббусларни рўёбга чиқариш юзасидан қизиқиш билдирдилар. Ушбу сафар ўқувчилар учун нафақат таълимий, балки маънавий жиҳатдан ҳам фойдали ва унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати





