Ички ишлар органлари томонидан жойларда фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда
2025-06-30 13:00:00 / Янгиликлар

Айниқса, ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида — Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда фуқаролар учун сайёр ва шахсий қабуллар тизимли равишда ташкил этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу жараённинг бош мақсади — фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни тинглаш ва мавжуд муаммоларига жойида ечим топишдан иборат. Шунингдек, ҳафта давомида иш билан банд бўлган аҳоли учун қулайлик яратиш ҳамда мурожаат қилиш имкониятини осонлаштириш мақсадида, қабуллар асосан дам олиш кунлари — якшанбада ўтказилмоқда.
Ушбу қабулларда фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар, ҳуқуқбузарликлар, профилактика, жамоат тартибини сақлаш, ички ишлар органлари ходимлари фаолиятига оид масалалар бўйича мурожаат қилиш имконига эга бўлмоқдалар.
Жумладан, жорий йилнинг 29 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбари томонидан 80 та, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан 57 та, Тошкент вилоятида 43 та, Сирдарё вилоятида 25 та, Жиззахда 88 та, Самарқандда 56 та, Қашқадарёда 34 та Сурхондарёда 42 та, Фарғонада 102 та, Андижонда 58 та, Наманганда 52 та, Навоийда 24 та Бухорода 70 та, шунингдек Хоразм вилоятида 22 та мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти ўз ечимини топган.
Қабул қилинган мурожаатлар асосан жиноят ишларини тергов қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, алимент тўловлари, суриштирув ва тергов жараёнларида юзага келган муаммолар, ички ишлар органларидаги хизмат ўтиш масалалари, ишга жойлашиш, хизматга қайта тикланиш, амнистия (афв) этиш ва маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолатига оид, шунингдек маҳаллий даражадаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва бошқа йўналишларни қамраб олмоқда.
Таъкидлаш жоизки, сайёр ва шахсий қабуллар жараёнида билдирилаётган ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг жами 45 фоизи ўрнатилган тартибда ижобий ҳал этилган бўлса, мураккаб ва таҳлилий ёндашувни талаб қилувчи масалалар бўйича тегишли хизматларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинган.
Шу билан бирга, қабуллар давомида фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда, профилактик суҳбатлар ташкил этилмоқда ва жамоатчилик билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Ҳудудларда ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ташкил этилаётган бундай қабуллар нафақат мурожаатларни кўриб чиқиш, балки жамиятда адолат, ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасизлик ва фуқаролик масъулиятини шакллантиришда муҳим механизм сифатида хизмат қилмоқда.









