Фахрийлар – фахримиз. Эл эъзозидаги инсон
2025-06-30 23:00:00 / Янгиликлар

1960 йилда Қарши туманида туғилган Ҳалим болалигидан техникага қизиқиш билан улғайди. Раҳим ота ва Бозор аянинг олти фарзанди орасида аъло баҳоларга ўқиб, рус тилини ҳам пухта ўзлаштирган лавҳамиз қаҳрамони мактабни 1977 йилда тугатиб, Москва Автомобиль ва йўллар институтини имтиёзли диплом билан тамомлаш баробарида, ҳарбий кафедрада ўқиб, захирадаги лейтенант унвонини олди.
Ўзбекистонга қайтгач, ички ишлар органларига ҳужжат топшириб, илк хизмат фаолиятини 1982 йили Қашқадарё вилояти ИИБ Давлат автомобиль назорати бўлими йўл ҳаракатини ташкил қилиш гуруҳи катта муҳандиси лавозимида бошлади. Дастлабки кўникмаларни устози, истеъфодаги подполковник Муродулла Худойқуловдан ўрганди.
Берилган топшириқларни ўз вақтида, бекам-кўст бажаришга интилди.
Қарийб 8 йил бир вазифада ишлаб, соҳага оид билим ва малакасини оширди. Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Ҳалим Жўраевнинг бўлинма бошлиғи бўлиб ишлашида мустаҳкам пойдевор бўлди.
Сўнгра вилоят ИИБ Давлат автомобиль назорати бўлими йўл-патруль хизмати алоҳида ротаси сардори, Қарши тумани ИИБ ДАНБ бошлиғи, вилоят ИИБ ДАНБ бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимларида самарали хизмат қилди.
Вилоят ИИБ Давлат автомобиль назорати бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Ҳалим Жўраев йўл инфратузилмасини яхшилаш, авария ўчоқлари ва пиёдалар гавжум жойларга светофорлар ўрнатиш, йўл-транспорт ҳодисалари ва қоидабузарликларнинг олдини олишда амалиётга илғор тажрибаларни амалиётга жорий этишга бош-қош бўлди.
Лавҳамиз қаҳрамонининг 34 йиллик хизмат фаолияти кейинги йиллари вилоят ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бошлиғи лавозимларида кечди.
Кўплаб шогирдларни тарбиялади. Жумладан, истеъфодаги полковник Эркин Қурбонов, истеъфодаги подполковник Алишер Хўжаев Ҳалим акани устоз дея эъзозлашади.
2016 йилда полковник унвони билан пенсияга чиққан Ҳалим Жўраев турмуш ўртоғи Сайёра опа билан тўрт ўғил, икки қизни тарбиялаб, вояга етказди.
От ўрнини той босар, деганларидек, ҳозир икки фарзанди ота касбини давом эттирмоқда. Катта ўғли Алишер Жўраев Қарши шаҳар ИИО ФМБ ЖҚБ бошлиги, подполковник, кичик ўғли катта лейтенант Баҳодир Жўраев эса вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХБ махсус отряди командири-нинг ўринбосари.
©️ “Postda” газетаси, Содиқ Раҳимов, Қашқадарё вилояти.
