Боланинг бегонаси бўлмайди
2025-06-29 08:25:00 / Янгиликлар

Қарши туманидаги 71-мактабда вилоят ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан соҳавий хизматлар ходимлари, фахрийлар, маҳалла фаоллари, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
«Долзарб 90 кун» тадбири доирасида тадбир аввалида вилоят ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторлари ўқувчиларга махсус майдончада назарий-амалий машғулотлар ўтишди. Бунда ўқувчиларнинг йўлларда ҳаракатланишга оид билим ва кўникмаси оширилди. Сўнг ички ишлар органларидаги қуроллар кўргазмаси ташкил этилиб, техник ва тактик хусусиятлари ҳақида маълумот берилди. Хизмат итининг буйруқларни бажариши, жиноятни фош этиши ҳамда жиноятчини қўлга олишга оид хатти-ҳаракатлари намойиши ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан кейин «Заковат» интеллектуал ўйини, футбол, волейбол, шахмат ва шашка, кураш бўйича мусобақалар ўтказилди. Мусобақаларда ғолиб бўлган ўқувчи ёшларга бошқарма раҳбариятининг эсдалик совғалари ва китоблар топширилди.
Якунда санъаткорларнинг бадиий чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.
Ўз мухбиримиз.
