Қарор ва ижро. Йўл қоидалари — боғча ёшидан
2024-02-24 11:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 июлдаги "2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда таълим тизими мутасаддиларини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган бир муаммога ечим топди.
Негаки, илгари мактаб ва боғчаларда мавжуд бўлган йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга ихтисослашган синф хоналари, “Йўл қоидалари” дарс соатлари айрим сабабларга кўра қисқариб кетган эди.
Мазкур қарор билан тасдиқланган дастур асосида 2026 йилгача бундай синф хоналари ва майдончаларини қайта ташкил этилиши белгилаб қўйилди.
Бу болаларга боғча ва мактаб ёшиданоқ йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўргатиш, уларни қонун ва қоидаларга ҳурмат руҳида тарбиялаш имконини янада оширди.
Фарғона вилоятида дастур асосидаги ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Масалан, шу кунгача 114 та мактаб ва 135 та мактабгача таълим ташкилотида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи синф хоналари ташкил этилди. Таълим муассасалари ҳовлисида эса махсус майдончалар яратилиб, кўргазмали қуроллар билан жиҳозланди.
2026 йил якунига қадар вилоятимиздаги барча мактаблар ана шундай хоналар билан тўлиқ таъминланади, — дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ умумий ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи катта инспектори, капитан Шерзод Ғоипов. — Энг муҳими, ушбу синф хоналари шунчаки ташкил этилаётгани йўқ.
Ҳар бирхона болаларга йўл қоидаларини содда ва равон тилда ўргатадиган жиҳозлар, кўргазмали воситалар ва макетлар билан таъминланяпти. ЙПХ ходимлари ва ўқитувчилар томонидан дарс машғулотлари режа асосида мунтазам ўтказиляпти.
Фарғона шаҳридаги 26-умумтаълим мактабида бу борада амалга оширилаётган ишлар, айниқса, эътирофга сазовор.
Мазкур масканда намуна тарзида махсус синф хонаси ва машғулотлар майдончаси ташкил қилинган.
Синф хонаси кўргазмали воситалар, светофор, йўл белгилари ва чорраҳалар макетлари, электрон монитор ҳамда бошқа энг керакли жиҳозлар билан толиқ таъминланган, — дейди мактаб директори Абдумўмин Набиев. — ЙПХ ходимлари тез-тез мактабимизга келиб, машғулотлар ўтиб беришади.
Қолаверса, мактабимизда фаолият олиб борувчи инспектор-психолог, ҳарбий таълим фани ўқитувчиси ва синф раҳбарлари томонидан ҳам йўл ҳаракати қоидалари доимий равишда ўргатиб келинмоқда. Ўтган йили мактаб ҳовлисида махсус машғулотлар майдонининг қуриб берилгани ўқувчиларимизга йўл ҳаракати қоидаларини мукаммал ўргатиш имкониятини янада яхшилади.
Фарғона туманидаги 33-умумтаълим мактабида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш борасида катта тажриба тўпланган ва бу республика даражасида эътироф этилган.
Мазкур мактабда ҳам толиқ жиҳозланган машғулотлар майдончаси бор. Ўқувчи-ёшлар бу ерда ўз билимларини ошириб, яхшигина ютуқларни ҳам қўлга киритишяпти.
Масалан, мактаб ўқувчиларидан таркиб топган “Ёш патруллар” жамоаси бир неча йилдан буён “Яшил чироқ” мусобақаларида фаол иштирок этиб келади.
Ўтган йили жамоа мусобақанинг республика босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Дарвоқе, дастур асосида йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида яроқсиз ҳолга келиб қолган 8022 та йўл белгиси янгисига алмаштирилди. 1636 та янги белги қўйилди.
Мактабларнинг олдига тезликни чекловчи 789 та йўл белгиси ўрнатилди.
Шу билан бирга, аҳоли гавжум ҳудудлардаги ўтиш жойларига бошқариладиган 45 та светофор қўйилиб, 246 та жойга сунъий нотекисликлар барпо этилди.
“Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурининг амалиётга жорий этилиши, махсус синф хоналари ва майдончаларининг ташкил қилинаётгани, энг муҳими, болалар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш сифатининг ошгани қисқа вақт ичида ўз самарасини бера бошлади.
Жумладан, ўтган йили вилоят бўйича болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони аввалги йилга нисбатан 24 фоизга камайишига эришилди.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
