Янгича ёндашув асосида
2025-06-27 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳар бир соҳада, жумладан, ички ишлар органларида хизматлар ва жараёнларни рақамлаштириш бугунги куннинг энг зарурий масалалардан бирига айланди.
Чунки ҳозирги тезкор тараққиёт ишга янгича ёндашувни талаб этмоқда.
Андижон вилояти ички ишлар органларида ҳам соҳани рақамлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматида «E-kadr», «Test markazi» тизимлари, Тиббиёт бўлимида «E-med» тизими, Тергов бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларида «Elektron surishtiruv va dastlabki tergov» ягона ахборот тизими, жамоат хавфсизлиги хизматида «VSX monitoringi», «E-kinolog», «E-patrul» тизимлари, молиявий-таъминот хизматида «E-moliya», ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматида «E-muhokama» ва «Xotin-qizlar.uz», пробация хизматида «E-probatsiya» тизими, навбатчилик қисмларида «Tezkor navbatchi» электрон базалари толиқ ишга туширилди.
Бундан ташқари, жиноят тўғрисидаги хабар ва аризаларни қабул қилиш ҳамда раҳбарият томонидан назорат қилиб борилиши учун ишлаб чиқилган «E-material» электрон тизими ҳам амалий фаолиятда.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш бошқармалари ходимларига вазирлик томонидан берилган 1160 та планшетга соҳанинг барча электрон базавий платформалари ўрнатилди. Албатта, бунда ахборот хавфсизлигига толиқ риоя этилди.
Рақамлаштириш жараёнида қилинган ишларнинг энг асосийларидан яна бири «Қалқон» дастури платформасининг яратилиши бўлди. Мазкур дастур асосида вилоятдаги барча криминоген ҳудудлар, аҳоли гавжум жойлар, кўнгилочар масканлар, йирик савдо мажмуаларига юз-қиёфани таниб олувчи видеокузатув камералари қўйилди.
Шаҳар-туманларга кирувчи йирик чорраҳалар, серқатнов кўчаларга авторақамларни аниқловчи, баланд биноларга эса 360 даражада айланувчи кузатув камералари ўрнатилиб, жами 2100 дан зиёд қурилма бошқармадаги «Вазиятлар маркази»га интеграция қилинди.
Марказнинг «Ягона ахборот тизими» орқали интеграциядаги барча камералар орқали жойлардаги вазият кузатиб борилади.
Агар қаердадир ҳуқуқбузарлик кузатилса ёки муҳим маълумот аниқланса, бу ҳақда дарҳол керакли бўлимларга хабар етказилади.
Рақамли платформаларнинг ишга туширилиши фаолият самарадорлигини оширишга, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг камайиши, тинчлик-осойишталикнинг таъминланишига хизмат қилмоқда.
Аввал қидирувдаги шахсни топиш ёки бирон жиноятни очиш катта амалий ҳаракат ва кўп вақт талаб қилган бўлса, эндиликда кузатув камералари ёрдамида сонияларда керакли маълумотга эга бўлиш мумкин.
Жорий йилда вилоятдаги «қизил» тоифага мансуб 118 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларига 1970 та интеллектуал кузатув камерасини босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 71 та маҳаллага 1221 та камера ўрнатиб бўлинди. 38 та маҳаллада эса 749 та қурилмани интеграциялаш ишлари давом этмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Нигора Тўхтаматова, Андижон вилояти.
