Чекка ҳудуд. Ҳамжиҳатликдаги ҳаракатлар натижаси
2025-06-26 12:55:00 / Янгиликлар

Қоровулбозор тумани Бухоро вилояти марказидан 65 километр узоқликда жойлашган. Туман текислик, қумли чўл ва барханлардан иборат. Ҳудудда юз элликдан ортиқ саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш корхонаси ҳамда бир қатор муассасалар фаолият кўрсатади. Шунингдек, деҳқончилик ва чорвачилик борасида ҳам жуда юксалган. Бу эса аҳоли фаровонлигини оширмоқда.
Ҳудудда туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида олди олиниши лозим бўлган жиноятлар йилдан йилга камаймоқда. Содир этилган жиноятларнинг аксарияти эса «иссиқ изида» фош қилинмоқда.
- Ҳудуддаги еттита маҳаллада турли миллат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилиб келишмоқда, — дейди туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор Нодирбек Валиев. — Маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда профилактик ишлар кучайтирилиб, фуқароларнинг муаммолари жойида ҳал этилмоқда. Натижада муқаддам судланганлар, аёллар ҳамда вояга етмаганлар томонидан жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади.
Маҳаллаларда тунги патруллик йўлга қўйилгани натижасида профилактика инспекторлари бошқа соҳавий хизматлар ходимлари билан биргаликда ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар қоровулларининг фаолиятини текширишиб, аҳоли гавжум жойларда ва кўчаларда мақсадсиз юрган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиб боришяпти.
Бундан ташқари, маҳаллалар ва мактабларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига, аҳоли гавжум жойлар ва кўчаларга, савдо марказлари ҳамда бозорларга 100 тага яқин видеокузатув камералари қўйилди. Кўп қаватли уйларнинг эшикларига домофонлар ўрнатилмоқда. Қолаверса, қўриқлаш хизмати томонидан кўп қаватли ва якка тартибдаги хонадонлар, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш объектлари техник қўриқловга олинмоқда. Иккита кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига ташвиш тугмалари ўрнатилди. Туман бўйича 29 та «намунавий хавфсиз кўча» ва 18 та «намунавий хавфсиз йўлак»лар ташкил этилди. Бу ишларнинг самараси ўлароқ, 7 та маҳалладан иккитаси «сариқ», қолгани «яшил» тоифага киритилган.
Тумандаги «Тинчлик» маҳалласида 5045 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада капитан Руслан Ҳамроев профилактика катта инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлагач, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар, халқ тили билан айтганда, ўйлаб қадам босадиган бўлди.
- Бизда ўн икки миллат вакиллари яшайди. Улар билан тил топишишда маҳорат керак бўлади. Тиббиётда «Касални даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал» деган ибора бор. Профилактика инспекторимиз ана шу нақлга амал қилади. Бировнинг пешонасига «қамалган» деб тамға босилишидан кўра, уни шу йўлга киришдан сақлаб қолишни кўзлайди, — дейди маҳалла раиси Сарвия Қулжонова.
Жамоат тартибини сақлашда профилактика катта инспекторига маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ҳамда кўпни кўрган кексалар яқиндан ёрдам беряпти. Муаммолар жойида ҳал қилиняпти. Бундан ташқари, муқаддам судланган, спиртли ичимликка ружу қўйган ва жиноятга мойил шахслар билан мунтазам равишда иш олиб боришяпти.
Капитан Р.Ҳамроевнинг маҳалла фаолларига таяниб иш кўраётганлиги боис биргина «Аёллар дафтари»га киритилган 146 нафар хотин-қиз билан олиб борилган самарали ишлар натижасида ҳозиргача 80 фоиз аёллар ишга жойлаштирилди. Шулардан 12 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 8 таси доимий ишга жойлаштирилди. Яна 12 нафарига тадбиркорлик бўйича имтиёзли кредитлар ажратилди, 40 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам берилди. Қолаверса, 12 нафар аёлга ҳам психологик, ҳам ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
- Ёшлар тарбияси, аввало, оиладан бошланмоғи лозим, дейди туман ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психолог, катта лейтенант Ҳуррият Султонова. — Халқимиз «Қуш уясида кўрганини қилади», деб топиб айтган. Дарҳақиқат, уйида отаси нима иш қиляпти, онаси ўзини қандай тутяпти бола буларнинг барчасидан бохабар. Агар катталар фарзандлари комил инсон бўлиб вояга етишини исташса, тарбияда ўта эҳтиёткор бўлиши лозим. Биз оилаларда профилактик ишлар олиб бораётганимизда, масаланинг шу жиҳатига алоҳида эътибор беряпмиз.
Айни пайтда ёш авлоднинг ёзги таътилга чиққани ички ишлар органлари ходимларини янада масъулиятли бўлишга ундайди. Болалар назоратсизлигининг олдини олиш, улар иштирокида юз бериши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида масъул ходимлар бир қатор ишларни амалга оширяпти. Хусусан, «Долзарб 90 кун» тадбирлари доирасида болаларнинг мароқли дам олишлари учун умумтаълим мактабларида соғломлаштириш майдончалари ташкил этилган бўлиб, бу уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда асқатяпти.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти
