Соҳа фидойиси. Хизмат ортидан раҳмат
2025-06-23 23:00:00 / Янгиликлар

Лавҳамиз қаҳрамони — Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 6-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори, сафдор Шарофиддин Сотволдиев бир неча йилдан буён йўл-патруль хизмати инспектори вазифасида фаолият олиб боради. Табиатан камтар, камгап, самимий. Унинг фикрича, инсон қўлидан келдими, яхшилик қилиши керак.
Хизмат вазифаси давомидаги турфа воқеалар, инсонлар тақдири, кутилмаган ҳолатлар ҳамиша уни ўйлашга, мушоҳада қилишга чорлайди.
...Шарофиддин бугун Андижон шаҳрининг Амир Темур кўчасидаги аэропорт чорраҳасидаги ҳаракатни тартибга солиш учун масъул. Бу чорраҳада шаҳарга кирувчи кўчалар кесишгани учун ҳаракат жуда тиғиз. Қатнов бир зум бўлсада, тинмайди. Кунига минглаб машиналар Андижон шаҳрига киради ва шаҳардан қўшни туманларга йўл олади. Қолаверса, бу ердан темирйўл ҳам ўтган.
- Ҳар қандай об-ҳаво шароитида, тик оёқда туриб, ҳаракатни назорат қилиш одамни чарчатиб қўймадими? — сўрадик суҳбатдошимиздан.
- Ўз касбини севган инсонга ҳеч бир вазифа қийинчилик туғдирмайди, — жавоб берди у. — Масалан, мен ишимнинг оғир томонини сезмаганман, аксинча, ёқимли жиҳатлари кўп. Дейлик, светофор ишламай қолди. Шундай пайтда ҳаракатни тартибга солиб, машиналар тиқилинчда қолиб кетишининг олдини олганингизда, муҳим иш билан шошаётган йўловчиларга ўтиб кетишига ёрдамлашганингизда, улар миннатдор бўлса, бу катта бахт. Айниқса, ота-онамиз ортимиздан яхши гаплар эшитса. Касбимиз орқали яқинларимизга олиб берадиган раҳматни ҳеч нимага тенглаштириб бўлмайди.
Шарофиддин Сотволдиев хизмат тақозоси билан ҳар куни кўплаб инсонлар билан мулоқотда бўлади. Унга фуқаролар турли саволлар билан мурожаат қилиб туришади. Кимдир йўл сўрайди, кимдир жарималар ҳақида савол беради, яна бошқаси йўл ҳаракати билан боғлиқ янгиликларни билгиси келади. Бундай пайтда Шарофиддин бор билими, зеҳнини ишга солиб, ҳар бир саволга тўғри ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилади.
Табиийки, йўл-патруль хизмати ходимлари баъзан танқидларга ҳам учраб туради. Йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахс кўпинча айбни ўзидан эмас, уни тартибга чақирган ЙПХ инспекторидан қидиради. Унга бўйсунмасликка уринади. Шарофиддин ҳар қандай вазиятда қоидабузарга босиқлик билан муносабатда бўлишга интилади. Қоидабузарлигини тан олмай турган ҳайдовчи тушунтиришлардан кейин вазиятга тўғри баҳо беради ва инспекторнинг эътирозини қабул қилади.
Суҳбат орасида Шарофиддин бир воқеани эслаб ўтди. «Одатдаги иш куним эди. Бир машина тезликда чорраҳадан ўтиб келди. Уни тўхтатдим. Кабинада ёш бола бор экан. Ҳайдовчи фарзандини шошилинч шифохонага олиб кетаётганини айтди. Унинг ҳолатини тушундим ва кетишига рухсат бердим. Орадан бир қанча вақт ўтиб, ўша одам ёнимга келиб, хурсанд ҳолда миннатдорлик билдирди. Фарзанди тузалибди. Ўшанда шифокорлар 2-3 дақиқага кеч қолганингизда бола нобуд бўларди, деб айтган экан».
...Шу пайт поезд овози эшитилди. Шарофиддин дарҳол чорраҳага етиб бориб, вазиятни тартибга солишга киришди. Поезд ўтиб бўлгач, тирбандликни бартараф этиб, хотиржам ўз жойига қайтди. Ҳа, ундаги хотиржамликда кўп нарсани англаш мумкин эди: касбига бўлган меҳр, фахр ва инсонларнинг мушкулини осон қилишга бўлган интилиш.
Нигорахон Тўхтаматова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Андижон вилояти
