Ички ишлар органларида гендерга оид аудит бўйича семинар-тренинг ташкил этилди
2025-06-20 19:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ҳамда унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари иштирокида «Гендерга оид аудит: тамойиллар ва ўтказиш тартиби» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2025 йил 18 мартдаги СҚ-102-В-сонли Қарори билан тасдиқланган «2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси»ни 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурининг 63-банди ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди. Ушбу тренингнинг асосий мақсади – вазирлик ва идораларда гендер аудити жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда бу йўналишдаги фаолиятга бўлган эътибор ва манфаатдорликни янада оширишдан иборатдир.
Тренинг видеоселектор шаклида ўтказилиб, унда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, мавжуд ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, илғор тажрибалар, шунингдек, ушбу соҳадаги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда иштирокчиларга гендер аудити тушунчаси, унинг асосий тамойиллари ва ўтказилиш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, гендер тенгликни таъминлашда ички ишлар органларининг имкониятлари ва бу борадаги келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Семинар-тренингда Ички ишлар вазирлиги Академияси, Жазони ижро этиш департаменти, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти, Қоровул Қўшинлари Қўмондонлиги, 1 ва 2-сон Академик лицейлар, ҳудудий ИИБлар ҳамда касаба уюшмалари вакиллари иштирок этдилар.
Тренинг давомида иштирокчилар гендер аудити жараёнининг мазмун-моҳияти, амалга ошириш механизмлари ва ушбу соҳадаги илғор тажрибалар билан таништирилди. Улар ўзаро тажриба алмашиш, таклиф ва тавсиялар билдириш имконига эга бўлишди.
Мазкур семинар-тренинг Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти илмий ходими Саидвалиева Хуршида Хожиакбаровна томонидан олиб борилиб, гендер тенглик масалаларининг назарий ва амалий жиҳатлари иштирокчиларга кенг ёритиб берилди.


