Қорақалпоғистон Республикаси. Мақсад — хавфсизликни таъминлаш
2025-06-20 16:10:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан бириктирилган ҳудудларда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жамоат тартибини сақлашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб келинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бошқарма хизмат кўрсатиш ҳудудининг умумий узунлиги 1028 километрни ташкил этиб, унинг тасарруфида Қорақалпоғистон, Бўстон, Хўжайли, Нукус, Мискин бўлинмалари, шунингдек, Нукус халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси мавжуд.
- Жорий йилнинг 5 ойи давомида олиб борилган ишлар натижасида 18 та жиноий ҳолат аниқланди. Жиноят қидирув соҳаси бўйича 10 тадан 9 тага, иқтисодий жиноятлар 8 тадан 6 тага камайишига эришилди. Албатта, жиноятлар сонининг камайгани ижобий ҳолат, лекин биз бу билан чекланиб қолмаймиз, — дейди бошқарма бошлиғи, майор Акмал Абдираҳмонов.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда профилактик ишлар муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бошқармага қарашли ҳудудларда ходимлар томонидан «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни», «Темирйўлларда хавфсиз кун», «Қорадори», «Дори-дармон», «Тун» ва «Қидирув» каби тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинади. Ушбу тадбирлар доирасида ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, темирйўл иншоотларига шикаст етказмаслик каби кўплаб йўналишлар бўйича профилактик-тушунтириш ишлари амалга ошириб борилмоқда.
Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз. «Постда»
