Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи “Бўстон” маҳалласида сайёр қабул ўтказди
2024-02-21 22:00:00 / Янгиликлар

Фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, давлат идоралари халққа хизмат қилиши, умуман, барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун. Шу мақсадда бугун Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи Тоҳир Арипов Бўка тумани “Бўстон” маҳалласида сайёр қабул ўтказди.
Қабулда туман ҳокимлиги, масъул ташкилот ва корхоналар вакиллари, мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда фуқаролар, мол-мулки ва бошқа буюмларни олиб қайтармаслик, суриштирув ва тергов, ички ишлар органларига ишга ва тизимдаги ўқишга кириш, ходимларнинг хатти-ҳаракати, ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам бериш, даволаниш, электр-энергия, кадастр, йўл ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш ва бошқа турдаги 50 га яқин масала билан мурожаат қилдилар.
Сайёр қабул давомида аҳоли мурожаатларининг бир қисми шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатни кўриб чиқиш назоратга олинди.
Бир сўз билан айтганда, сайёр қабул аҳоли муаммоларига ечим топишда айни муддао бўлди.
Ҳозирда шаҳар-туманлар кесимида 3-сектор раҳбарларининг аҳоли билан сайёр учрашувлари давом этмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









