Чекка ҳудудларда. «Назархан» энди «яшил» тоифада
2025-06-18 23:00:00 / Янгиликлар

Амударё туманига кириб келаётган ҳар бир киши «Назархан» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтади. Мазкур ҳудуднинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, XVIII аср охири XIX аср бошларида бу ерда Назархон исмли ўзига тўқ киши истиқомат қилган. Унинг катта ҳовлиси карвонсарой вазифасини ўтаган.
Ҳудуддан ўтган савдогарлар ҳовлисига тўхтаб, савдо-сотиқ ишларини амалга оширган, озиқ-овқат захираларини тўлдиришган.
Айни кунда ҳам ҳудуд жойлашуви жиҳатдан ўзининг аҳамиятини йўқотган эмас.
Чунки бу ердан халқаро аҳамиятдаги А-380 автомагистрали ўтади. Овул Туркманистон Республикаси, Нукус шаҳри ва Қораўзак тумани билан чегарадош ҳисобланади.
Шунингдек, «Чилпиқ» тарихий-маданий ёдгорлиги ҳамда «Бадай тўқай» қўриқхонаси жойлашган. 2023 йилдан буён овул фуқаролар йиғинида тинчлик-осойишталикни сақлаш профилактика катта инспектори, капитан Жанабай Шамурадов зиммасига юклатилган. Лавҳамиз қаҳрамони ўтган вақт мобайнида қатор жиноятларнинг фош этишга эришди.
Масалан, туманда фаолият олиб борувчи фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари бир неча кунлар мобайнида сув чиқарувчи насосдан танаффуссиз фойдаланади.
Бу профилактика инспекторида шубҳа пайдо қилади. Сабаби, ушбу кунлар оралиғида насос учун сарфланадиган электр энергияси учун тўлов анча миқдорни ташкил этиши лозим эди.
Тегишли мутахассислар билан ҳамкорликда ўтказилган текширув давомида фермер электр энергиясидан ўғринча фойдаланиб келгани маълум бўлади.
Ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида етказилган 600 млн сўмдан ортиқ зарар ундирилиб, қонунбузарга нисбатан тегишли жазо тайинланади.
Ҳудуд ўтган йиллар давомида «сариқ» тоифада бўлиб келган. Капитан Ж.Шамурадовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли жорий йилда овул «яшил» бўлди.
Бугунги кунда «Назархан» овул фуқаролар йиғинидаги 870 та хонадонда 4495 нафар фуқаро истиқомат қилади, — дейди капитан Ж.Шамурадов. — Улар турли миллат вакилларидан ташкил топган бўлиб, аҳолининг аҳил-иноқлиги, тинчлигини таъминлаш мақсадида ОФЙ раиси Жумабек Айтмуратов билан бамаслаҳат иш олиб борамиз.
Зеро, ушбу ҳамкорлик ва огоҳлигимиз туфайли ҳудудимиз жиноятчиликдан ҳоли ҳудудлар қаторида бўлишига эришиб келмоқдамиз.
Ҳудуддан халқаро аҳамиятдаги автомагистраль ўтгани боис кўпчилик ҳуқуқбузарлик ҳолатлари йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ бўлиб келмоқда.
Биргина ўтган йилни олиб қарайдиган бўлсак, қайд этилган 17 та қонунбузарликдан 11 таси йўл-транспорт ҳодисаларини ташкил этганди. Шу боисдан, мазкур автомагистралдаги иккита пиёдалар йўлакчасига кечаси ёритиб турувчи чироқлар, огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилди.
Ҳудудда маҳалла еттилиги томонидан иш олиб борилиши давомида профилактика инспектори томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 300 дан ортиқ хонадон ўрганиб чиқилган.
Ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар юзасидан 35 та хулоса берилган. Бугунги кунга қадар муаммоларнинг аксарият қисми ўзининг ижобий ечимини топган.
Таъкидлаш жоизки, профилактика инспектори учун барча қулайликларга эга тўрт хонали хизмат уйи ажратилган. Оиласининг ёнида бўлиши унинг хизматни чин кўнгилдан, бехавотир олиб боришига замин яратмоқда.
Турмуш ўртоғи Анаргул Отепова ўқитувчи. Улар биргаликда Мийирбек, Гулбаҳор ва Қаллибек исмли фарзандларни тарбиялаб вояга етказмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Азамат Пирниязов, Қорақалпоғистон Республикаси.
