Фидойи ходимлар. Тергов: сабаб, далил ва хулоса уйғунлиги
2025-06-17 12:40:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти. Бугунги кун терговчиси қонун ва кодекслар, халқаро ҳуқуқий нормаларини ҳам ўзлаштириши, бундан ташқари, жиноятларни келтириб чиқарган сабабларни ўрганиб, уларни бартараф қилиш бўйича аниқ таклифлар бериши ниҳоятда муҳим.
Майор Умиджон Юсупов ИИВ Академиясини тамомлагач, 2014 йилдан ички ишлар органларида хизмат қилмоқда. У хизмат фаолиятининг дастлабки босқичида Ўртачирчиқ тумани ИИБда терговчи, катта терговчи сифатида хизмат қилиб, соҳа сир-асрорларини астойдил ўрганди. Билими, киришимлилиги ҳамда зийраклиги билан сафдошлари ва раҳбарият эътиборини қозонди. Қилинган меҳнатлар бежиз кетмади. 2021 йилда Пискент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмасига бошлиқ этиб тайинланди. У. Юсупов тумандаги икки йиллик самарали фаолиятидан сўнг ҳозирги лавозими Олмалиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмасига раҳбар бўлди.
- Тергов йўналиши ходимлари ҳар бир ҳолатни «нуқта-вергулигача» кўздан кечириб, аниқ, пухта ва инкор этиб бўлмас далилларга асосан холисона иш юритиши зарур. Яъни, терговчилар нафақат синчков, балки мантиқ илмида ҳам юқори даражага эга бўлиши даркор. Негаки, терговчилар, том маънода, тизим «заргарлари»дир. Бу эътирофга муносиб бўлиш учун ўз устимизда мунтазам ишламоқдамиз, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг сўнгги уч ойи давомида шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси терговчилари томонидан 600 дан зиёд тергов ишлари амалга оширилган. Тергов жараёнларига асосан фирибгарлик, бировнинг номига кредит расмийлаштириб, уни тўламаслик, ўғирлик ва бошқа ҳолатлар асос бўлган.
Фуқаро Дилмурод Кимсанов (воқеа иштирокчиларининг исм-шарифлари ўзгартирилди) шаҳарда истиқомат қилувчи Асқаровлар оиласининг вояга етмаган фарзандини қонунга хилоф равишда ўғирлаб, уни оиласи бағрига қайтариш эвазига ота-онасидан 200 миллион сўм миқдорида пул талаб қилиб, агар пулларни беришмаса, фарзандининг ҳаёти хавф остида қолишини билдириб, таҳдид қилган. Фарзандидан хавотир олган Асқаровлар ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган. Натижада бола ўғирлаган шахс тезкор равишда қўлга олиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, Олмалиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аброр Поёнов, ўз мухбиримиз. «Постда»
