Интерполнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Грузия учун “WATCHMAKER” лойиҳаси ишчи гуруҳининг 2-йиғилиши ўз ишини якунлади
2025-06-17 10:50:00 / Янгиликлар

Тошкентда Интерполнинг Халқаро жиноят полицияси Бош котибияти томонидан ташкил этилган “WATCHMAKER” лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳининг уч кунлик йиғилиши муваффақиятли якунланди. Ушбу тадбир Ўзбекистондаги Интерпол Миллий марказий бюроси мувофиқлаштирувида Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг кимёвий таҳдидга қарши курашиш ва қўлбола портловчи қурилмаларни аниқлаш бўйича фаолият юритувчи минтақавий вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида ўтказилди.
Тошкентда бўлиб ўтган Интерполнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Грузия учун “WATCHMAKER” лойиҳаси ишчи гуруҳининг 2-йиғилиши якунланди. Унда Ўзбекистон Республикасидан ИИВ, ДХХ, Миллий гвардия ва ФВВнинг турли хизматлари вакиллари иштирок этди.
Сессия иштирокчиларнинг Интерпол маълумотлар базалари, маълумотларни бошқариш тизимлари, кимёвий ёки портловчи моддалар билан боғлиқ ҳодисаларга қарши курашиш учун ишлаб чиқилган махсус воситаларни тушуниши ва улардан фойдаланишини такомиллаштиришга қаратилди. Шунингдек, Интерполнинг кимёвий ва портловчи қуролларнинг глобал таҳдидларига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатлари ҳақида фикрлар билдирилди. Учрашув давомида барча делегациялар тақдимотлар билан чиқиш ва миллий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлган мавжуд салоҳиятни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди.
Учрашув сертификатларни топшириш маросими билан якунланди. Бу Ўзбекистон ва умуман минтақанинг хавфсизлик имкониятларини мустаҳкамлаш, глобал миқёсда кимёвий ва портловчи моддаларга қарши курашда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон Республикасидаги Интерпол Миллий марказий бюроси



