Менинг ўғлим — китобхон! Ота-онадан кейин энг яқин дўст
2025-06-16 23:00:00 / Янгиликлар

Ўшанда ҳаётимни ўзгартириб юборган воқеа содир бўлди. Кечга яқин ўғлим ИИВ Академияси курсантлари формасини кийиб қаршимда пайдо бўлди. Қўлида бир парча қоғоз.
Бу Севдиёр Абдуназаровни курсантликка қабул қилиш тўғрисидаги буйруқдан нусха эди.
Мен учун дунё чароғон бўлиб кетди. Гўё юлдузлар атрофимда парвона бўлаётгандек эди. Англадимки, ҳар бир инсон учун фарзанди камолидан кўра улуғ бахт йўқ экан. Шу оний лаҳзаларда унинг таълим-тарбияси йўлида чеккан машаққатларимиз кўз ўнгимдан бир-бир ўтди.
Севдиёр жуда ёшлигидан зеҳнли эканини намойиш қилди. У боғчадалигидаёқ шеърларни тез ёдлаб олар, айниқса, эртакларни аниқ эслаб қоларди. Ўша пайтларда Сирдарё ИEСда ишлар, унга кам вақт ажратардим. Кейинчалик ишим яна таълим тизимига қайтгач, тобора ўсиб бораётган фарзандимнинг тарбияси, билим олиши ҳаётимнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланди.
У билан ишдан қайтгач шуғуллана бошладим. Улғайгани сари тушунчаси кенгайиб, интилишлари кучайди. ўсмирлик даврида уни китобга ошно қилиб қўйдим.
Ўша пайтда шаҳар Ахборот-кутубхона марказига бирга бориб китоб танлашга ёрдам берганларим эсимда бор. У бадиий китобларни ғоят севарди.
Айниқса, жаҳон адабиёти уни қаттиқ қизиқтириб қўйди. Мен эса унга энциклопедик, илмий китобларни ҳам тавсия қила бошладим. Шу тариқа ўғлим ахборот технологиялари, наноолам, физика, биологияга оид билим ва дунёқарашини кенгайтира бошлади.
Йиллар ўтган сари унда ички ишлар органи ходими бўлишга бўлган қизиқиш кучаяди. Тушундимки, у ҳаёт йўлига оид танловни қилиб бўлган. Шу тариқа ҳуқуқ, тарих фанларини чуқур ўрганишга киришиб кетди.
Репетиторга қатнай бошлади. Лекин асло китобхонликни ташлаб қўймади. ИИВ Академиясидаги курсантлик даврида ҳам унинг мутолаага бўлган иштиёқи асло сўнмади.
Мана, ҳозир Гулистон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси вазифасида ишлайди. Икки йилдирки, вилоятдаги ҳамкасблари орасида «Энг яхши китобхон ходим» деб топилмоқда.
Эътиборли жиҳати, унинг раҳбарлари тез-тез қўнғироқ қилиб, мана шундай фарзандни тарбиялаб берганим учун менга миннатдорлик билдиришади.
Мен эса уларга ўғлимнинг маънавияти, ахлоқи, инсоний фазилатлари айнан китобхонлик орқали шаклланганини таъкидлайман. Ва ҳар доим ёш шогирдларимга китоб инсон учун ота-онадан кейин энг яқин дўст, устоз эканини таъкидлаб келаман.
Зотан, бунга ўз фарзандим камоли мисолида амин бўлганман.
©️ “Postda” газетаси, Ойзода Эгамбердиева, Ширин шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби директори ўринбосари.
